Сувга талаб ортиб бораётган бир пайтда гидроиншоотларнинг техник созлиги катта аҳамиятга эга. Зеро, сувни тежаш ва унинг ҳисобини тўғри юритиш гидроиншоотларга ҳам боғлиқдир. Сув иншоотларининг хавфсизлиги эса ҳаммасидан муҳим.
Бугун Тошкент вилоятининг “Қуйи Бўзсув ГЕСлар каскади” унитар корхонасида бўлиб ўтган семинар шу мавзуга бағишланди. Унда унитар корхонага қарашли 19-гидроэлектрстанцияси фаолияти таҳлил қилинди. Йиғилишда корхона бош муҳандиси Ж.Акрамжонов сўзга чиқиб, мавжуд гидротехника иншоотларининг техник ҳолати, сувдан фойдаланишда гидротехника иншоотларини бошқариш ҳамда сувнинг ҳисобини юритиш долзарб масала эканлигини таъкидлади.
– Ҳар бир гидротехника иншооти техник кўрикдан ўтиши ва доим назоратда бўлиши талаб этилади, – дейди Ж.Акрамжонов. – Бу ўз навбатида сувни бошқариш ва унинг ҳисобни юритишда муҳим ўрин тутади.
Семинарда сув иншоотларидан фойдаланиш, уларни эксплатация қилиш бўйича керакли маслаҳат ва тавсиялар берилди. Мавзу юзасидан “Сувхўжаликназорат” инспекцияси Тошкент вилояти бошқармаси бош мутахассиси М.Менлибаев ҳамда 19-ГЭС бошлиғи З.Абдуллаев, Гидротехника иншоотлари бўлими катта устаси Б.Мамаюсуповлар гидротехника иншоотларининг хавфсизлиги, техник созлиги, уларни таъмирлаш ва тўғри фойдаланиш бўйича маърузалар қилишди. Йиғилиш якунида “Қуйи Бўзсув ГEСлар каскади” унитар корхонаси қарашли 19-ГЭС кўздан кечирилиб, деривация канали, фавқулодда сув ташлама иншооти ва рейкаларнинг техник ҳолатлари жойида ўрганилиб, тушунтирилди ва қўшимча тавсиялар берилди. Семинарда ҳар бир ходимга бириктирилган гидротехника иншоотларидан самарали фойдаланиш ва уларни сақлаш билан боғлиқ ишлар бўйича керакли вазифалар ва тавсиялар белгилаб берилди.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати