Шўрчи тумани ирригация бўлимида сув хўжалиги объектларини рақамлаштириш бўйича амалга оширилган ишлар таҳлилига оид семинар ташкил қилинди.
Семинарда қатнашган ирригаторлар, мироблар, канал бошлиқлари ҳамда тизим мутахассисларига Президентимизнинг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш мақсадида сув хўжалигини рақамлаштириш, сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш, сувдан фойдаланиш ва сув истеъмоли ҳисобини юритишда “Ақлли сув” қурилмаларини сув хўжалиги объектларида жорий қилиш белгиланганлиги хусусида батафсил тушунча бериб ўтилди.
Семинарда Шўрчи тумани ирригация бўлими мутахассислари томонидан ўтган вақт мобайнида сув хўжалиги объектларига 15 дона “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилганлиги, шундан 11 таси Сув хўжалиги вазирлиги сервери билан интеграция қилинганлиги эътироф этилиб, бу ишни жонлаштириш бўйича мутахассисларга тавсия берилди. Амалдаги йилда Шўрчи тумани ирригация бўлими балансидаги ирригация тармоқларига 19 дона “Ақлли сув” қурилмасини ўрнатиш режалаштирилган бўлиб, ҳозиргача 15 таси ўрнатилган. Бу ишга ирригация бўлими томонидан 100 миллион сўм маблағ молиялаштирилган.
Семинарда масъул мутахассисларга йил охиригача қолган сув хўжалиги объектларига ҳам “Ақлли сув” қурилмасини ўрнатиш ҳамда ишламай турган тўртта қурилмани вазирлик сервери билан интеграция қилиш, сим карта тўловларини амалга ошириб, қурилмаларни тўлиқ ишлашини таъминлаш топшириғи берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати