Сирдарё-Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги, Мирзачўл туманида жойлашган “Арнасой-1” насос станциясида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш масалаларига бағишланган семинар ташкил қилинди.
Тадбир иштирокчиларига бундан уч йил аввал давлат-хусусий шериклик тизимида ишлашга ўтган насос станциялари фаолияти мисолида замонавий илғор усулнинг афзалликлари ҳақида маълумот берилди.
– “Арнасой-1” насос станцияси бундан уч йил аввал давлат-хусусий шериклик асосида ишлашга ўтган эди, – деди Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ ДХШ бўлими бошлиғи Ш.Муртозаев. – Ишни тўғри ташкил қилиш, электр энергиясини тежаш, насос агрегатлари, техника воситалари, захира қисмларига мулк эгаси сифатида эътибор қаратиш ўз самарасини бермоқда.
Жорий йилнинг ўзида 700 минг киловаттдан ортиқроқ электр энергияси тежалиб, 70 миллион куб метр сув етказиб берилди. Насос станциясининг техник ҳолатини яхшилаш, иншоот ҳудуди ва атрофини ободонлаштириш, меҳнат жамоаси аъзоларини моддий ва маънавий рағбатлантириш ишлари учун 5 миллиард 850 миллион сўм инвестиция кириш учун имконият юзага келмоқда.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати