Ангор тумани ерлари мутахассислар фикри билан айтганда сув ўртасида жойлашган. Чунки, туман ҳудудидан учта йирик канал айланиб ўтиб, Музработ, Қизириқ туманлари экинзорларини обиҳаёт билан таъминлайди. Табиийки, ўша каналларнинг суви истаймизми-йўқми ерларнинг шўрланишига олиб келиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун ҳар йили туман худудидаги коллектор-дренаж тармоқлари мунтазам равишда тозаланиб ва таъмирланиб турилади.
Жорий йилда ҳам туман ерларининг мелиоратив ҳолатини яхшилашга хизмат қилувчи “Марказий” ва “Ўрдали” коллектор-дренаж тармоқларининг 91 километр қисмини таъмирлаш-тиклаш режалаштирилганди. Ўтган вақт мобайнида ушбу объектда меҳнат қилган пудратчи корхона – “Капитал улгуржи савдо” МЧЖ бунёдкорлари коллектор-дренаж тармоқларининг белгиланган қисмида таъмирлаш-тиклаш ишларини барвақт адо этишди. Бу ишларни амалга ошириш учун қурувчилар томонидан қарийб 3 миллиард сўмлик ишлар уддаланди.
Айни пайтда қурувчилар лойиҳада белгиланган 3 дона қувурли ўтиш йўлагини барпо қилиш ҳамда 10 дона кузатув қудуқларига “Дайвер” қурилмаларини ўрнатиш чораларини излашаяпти.
Бундан ташқари, ўша тозаланган коллектор-дренаж тармоқларининг давоми, яъни 0,5 километр қисми ўша манзилда қурилган кўп қаватли уйлар остида қолиб, кўмилиб кетгани учун қурувчилар кўп қаватли уйлар атрофидан катта ўқариқ ўтказиб, коллектор суви оқиб кетадиган бетонли ариқ бунёд этишмоқда.
– Умумий узунлиги 182 километрдан иборат «Марказий» ва «Ўрдали» коллектор-дренаж тармоқларининг қолган қисми келгуси йил давлат дастурига киритилиб, тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилади, – дейди Ангор тумани мелиоратив участкаси раҳбари Бозор Маматқулов. – Бу йил тозаланган ва таъмирланган коллекторлар ҳисобига 2 минг гектардан кўпроқ экин экиладиган ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланиши эвазига шўрланиш даражаси пасаяди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати