Йилдан йилга сувдан фойдаланишни янада такомиллаштириш ва илғор технологияларни жорий этиш халқаро майдонда қайта-қайта зикр этилмоқда.
Янги ерларни ўзлаштириш, саноат кўламининг кенгайиши, айниқса жаҳон миқёсида юз бераётган иқлим ўзгаришлари ортидан сув танқислиги бўй кўрсатмоқда.
Бу ҳолат Марказий Осиёда, жумладан, Ўзбекистонда ҳам сув билан боғлиқ қийинчиликларни юзага келтираяпти. Бу хавфнинг олдини олиш мақсадида республикамизда ҳам тежамкор илғор технологияларни давлат даражасида жорий этиш босқичма-босқич амалга оширилаётир.
Жаҳон банки иштирокидаги “Фарғона водийсида сув ресурсларини бошқариш. 2-босқич” лойиҳаси доирасида қатор тадбирлар ўтказиш орқали мутахассислар ва сувдан фойдаланувчилар ўртасида кенг қамровли тарғибот ишлари олиб борилмоқда.
1-2 ноябрь кунлари Норин-Қорадарё ИТҲБ тизимида “Тежамкор суғориш технологияларини лойиҳалаш, қуриш, фойдаланиш ва ишлатиш ҳамда экинларни сувга бўлган талабини аниқлаш ва режалаштиришда замонавий халқаро усуллардан фойдаланиш” тренинг дастури бўйича ўқув машғулоти ўтказилди.
Сув ресурсларини бошқариш бўйича экспертлар Аҳмаджон Алимжанов, Бахтиёр Матёқубов, Анваржон Исашевлар томонидан тингловчи ва мутахассисларга замонавий технологияларнинг самарадорлиги, сув тежовчи янгиликларнинг афзалликлари ҳақида, қишлоқ хўжалигида жорий этилаётган янги ишланмалар бўйича атрофлича ахборот ҳамда маълумотлар берилди.
Ўқув машғулотлари давомида сув муаммоси мавжуд бўлган қатор мамлакатларнинг дехқончилигида юз бераётган ўзгаришлар ҳақида Норин-Қорадарё ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Шуҳратбек Эргашев қиёсий таҳлиллар бўйича чиқишлар қилди.
Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати