Саратонда чанқаган экинларга сув етказиб бериш учун елиб-югуришлар ортда қолди.
Туни билан канал, ариқ ёқалаб, сувни бошқариш йўлидаги қийинчиликлар кетди.
Суғориш мавсуми ўтди.
Ўтди эмас, муваффақиятли бўлди.
Минтақамизда сув ресурслари йилдан йилга камайиб бораётган ҳозирги шароитда суғориш мавсумининг кутилганидан яхшироқ ўтиши, ғалла, пахта ва бошқа экинлардан мўл ҳосиллар олиниши сув хўжалиги ходимларининг ютуғи, иссиғу-жазирамани писанд қилмасдан кечаю-кундузги машаққатли меҳнатларининг маҳсули ҳаммаси.
Бугун бўлиб ўтган Сув хўжалиги вазирлигининг навбатдаги ҳайъат йиғилишида жорий йилнинг ўтган даврида соҳани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ва иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш якунлари ва йил охирига қадар бажариладиган муҳим вазифалар муҳокама қилинди.
Йиғилишда ҳайъат аъзолари, вазирлик марказий аппарати ходимлари, тизимдаги республика ташкилотлари раҳбарлари, Қорақалпоғистон Республикаси сув хўжалиги вазири, вилоятлар ирригация тизимлари ҳавза бошқармалари ва мелиоратив экспедициялар бошлиқлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари, ZOOM платформаси орқали барча сув хўжалиги ташкилотлари масъул ходимлари иштирок этди.
Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири, ҳайъат раиси Ш.Хамраев олиб борди.
Таъкидландики, тўққиз ойликда иқтисодиёт тармоқларига 32,5 млрд. м3 сув етказиб берилди, амалда 6,2 млрд. м3 миқдорида сув ресурслари иқтисод қилинишига эришилди. Жумладан, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобидан 2,0 млрд. м3, ирригация тармоқларида таъмирлаш-тиклаш тадбирларини ўтказиш ҳисобидан 1,65 млрд. м3, АКТ ва рақамли технологияларни жорий этиш ҳисобидан 0,5 млрд. м3 ҳамда сув кам талаб қиладиган экинлар улушини кўпайтириш ва шолини интенсив усулда экиш ҳамда экин майдонларида қўшимча агротехник тадбирларни амалга ошириш ҳисобидан 2,1 млрд. м3 миқдорида сув тежалди. Кузги бошоқли дон экинларини суғориш, шўр ювиш тадбирларида сувдан самарали фойдаланиш орқали йил охиригача яна 1 млрд. м3 сувни иқтисод қилиш кўзда тутилган.
Жорий йилнинг 1 ноябрь ҳолатига 471,8 минг гектар майдонда томчилатиб, 48,2 минг гектарда ёмғирлатиб, 24,6 минг гектарда дискрет, 63,5 минг гектар майдонда бошқа сув тежовчи суғориш тизимлари жорий қилинди ҳамда 637,2 минг гектар экин майдонлари лазер ускунаси ёрдамида текисланди.
Ирригация объектларини қуриш ва реконструкция қилиш бўйича 575 млрд. сўм маблағ ўзлаштирилиб, 240 км канал, 37 км лоток тармоқлари, 6 та гидротехника иншооти ва бошқа кўплаб объектларни қуриш ҳамда реконструкция қилиш ишлари бажарилди.
Мелиорация йўналишида 211 млрд. сўм маблағ эвазига 189 км очиқ ҳамда 152 км ёпиқ-ётиқ коллектор дренаж тармоқлари, 23 та гидротехника иншооти ва бошқа объектларда қурилиш-монтаж ишлари якунига етказилди.
Қарийб 42 млрд. сўм маблағ ҳисобига 3 780 км хўжаликлараро суғориш тармоқлари тозаланиб, улардаги 3 695 дона гидротехника иншооти ва 3 630 дона гидропост таъмирланди. Натижада 380 минг гектар суғориладиган ерларнинг сув таъминоти яхшиланди.
Йил бошидан буён 3 793 та сув хўжалиги объектида “Ақлли сув”, 2004 та мелиоратив кузатув қудуқларида “Дайвер” қурилмаси ўрнатилиб, 12 та йирик сув хўжалиги объектининг бошқарув жараёнлари тўлиқ автоматлаштирилди.
Шу билан бирга, йўл қўйилган камчиликлар келтириб ўтилди, бажарилмаган ишлар таҳлил қилинди. Мисол учун, сув тежовчи технологияларни жорий қилиш этишга тижорат банклари томонидан кредит маблағлари кеч ажратилганлиги сабабли қурилиш ишлари Тошкент вилоятида 44 фоиз, Қорақалпоғистон Республикасида 41 фоиз ҳамда Навоий, Сурхондарё ва Сирдарё вилоятларида 38 фоизга бажарилган. 2024 йил ҳосили учун экилган ғалла майдонларида ёмғирлатиб суғориш технологиясини жорий қилиш бўйича белгиланган режага нисбатан пудрат шартномалари Андижонда 72 фоиз, Сурхондарё 56 фоиз ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона ва Навоий вилоятларида 50 фоиз расмийлаштирилган.
Беруний, Чимбой, Кармана, Қизилтепа, Навбаҳор, Пахтачи, Ургут ва Сўх туманлари ирригация бўлимларида сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўлимлари вазифаси бошқа ходимга бириктириб қўйилган. Когон, Косон, Кўкдала, Жомбой, Бойсун, Денов туманларида сувни тежайдиган ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўлимлари ходимининг ўрни вакант бўлса, Асака, Булоқбоши, Улуғнор, Хўжаобод, Шаҳрихон, Косонсой, Уйчи, Оқдарё, Иштихон, Самарқанд, Тойлоқ ҳамда Урганч туманларида мавжуд штат бирликлари қисқартириб юборилган.
Ўрнатилган “Ақлли сув” қурилмаларидан Тошкент вилоятида 104 та, Сурхондарё вилоятида 105 та, Навоий вилоятида 124 та, Хоразм вилоятида 148 та, Самарқанд вилоятида 190 та, Бухоро вилоятида 212 та, Қорақалпоғистон Республикасида 257 та, Жиззах вилоятида 300 та, Наманган вилоятида 308 та, Қашқадарё вилоятида 318 та ва Фарғона вилоятида 575 таси ишчи ҳолатида эмас.
Йиғилишда бошқа йўналишлардаги камчиликлар ҳам айтиб ўтилди. Уларни зудлик билан бартараф этиш, муаммоларни ҳал қилиш бўйича топшириқлар берилди.
Келгуси йил март ойигача барча насос станцияларида таъмирлаш ишларини тўлиқ якунлаш, сув омборларининг техник ҳолатини кўрикдан ўтказиб, қурилма ва иншоотлар талаб даражасида ишлашини назоратга олиш бўйича алоҳида вазифалар юклатилди.
Бўлиб ўтган ҳайъат йиғилишидан хулоса қиладиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги ходимлари учун суғориш мавсуми ўтди, носуғориш мавсуми бошланди. Бу сувчиларга иш фасли бошланганини англатади. Насослар тўхтаб турган, каналларда сув юрмаётган фурсатлардан унумли фойдаланиб, режа-график асосида то баҳоргача таъмирлаш-тиклаш, қурилиш ишларини тизимли равишда ва ҳар йилги тажриба ва анъаналардан келиб чиққан ҳолда юқори савияда олиб бориш зарур. Қилинган ишларнинг баҳоси кейинги суғориш мавсумида аён бўлади.
Ахборот хизмати