Оҳангарон шоссеси Фарғона водийси билан мамлакатимиз пойтахти билан боғлаб турувчи асосий автомобиль йўлаги ҳисобланади. Ҳар куни бу йўлдан минглаб транспорт воситалари ҳаракатланади. Йўл бўйларига экилган дов-дарахтлар автомобиллардан чиқаётган заҳарли газларни ютиб, ўзларидан кислород чиқаришга хизмат қилади. Айни кунларда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги ташкилотлар ишчи-ходимлари йўл бўйларига кўчат экишга киришганлар.
“Тошкент” магистрал каналидан фойдаланиш бошқармаси ходимлари бу борада фаоллик кўрсатишмоқда. Жорий йилнинг 4 ноябрь куни сувчилар канал ёқалари ҳамда йўл бўйларига икки мингдан зиёд терак кўчатларини экишди. Бошқарма бошлиғи Нодир Тўлагановнинг таъкидлашича, кўчатларни парвариш қилиш, уларни суғориш учун махсус ходимлар бириктирилган .
– Кўчат экиш билан иш битмайди, – дейди Н.Тўлаганов. – Ниҳолларни суғориш, уларни муҳофаза қилиш зарур. Бир пайтлари йўл бўйларида терак, чинор, тут дарахтлари кўп бўларди. Афсус, катта дарахтлар кесилиб кетди. Биз бугун уларнинг ўрнини тўлдиришимиз зарур. Қанча кўп кўчат экилса, шунча фойда бўлади, яшил масканлар кўпаяди.
Чирчиқ-Оҳангрон ИТҲБ матбуот хизмати