“Аму-Бухоро-II” насос станцияси вилоятдаги қуввати жиҳатидан энг йирик иншоот бўлиб, у 1975 йилда ишга туширилган. Салкам 50 йилдан буён ишлатилаётган насос агрегатлари ва бошқа техник ускуналар маънан эскирганлиги сабабли, айни кунларда мазкур иншоотини реконструкция қилиш ишлари давом этаяпти. Бунёдкорлик ишлари Осиё тараққиёт банки ва JICA Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги иштирокидаги “Аму-Бухоро ирригация тизимларини қайта тиклаш” лойиҳаси доирасида олиб борилмоқда. Бу борадаги ишлар Хитойнинг “China Nuclear Industry 22nd Construction Co., Ltd” компанияси томонидан бажарилмоқда. Насос станциясини 2024 йилнинг июль ойида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган.
Яқинда қурилиш ишларининг бориши “Аму-Бухоро” машина каналида фойдаланиш бошқармаси ва соҳага алоқадор ташкилотлар томонидан тегишли тартибда ўрганилди. Бу жараёнида иштирок этган “Сувхўжаликназорат” инспекциясининг Бухоро вилоят бошқармаси бошлиғи А. Аскаров ва бошқарманинг ўта муҳим сув ҳўжалиги объектлари ҳавфсизлигини назорат қилиш инспектори С. Раҳимов мазкур насос станцияси Ўзбекистон Республикасининг “Гидротехника иншоотларининг ҳавфсизлиги тўғрисида”ги қонунидан келиб чиқадиган талаблар доирасида бажарилиши зарур вазифалар хусусида маълумот бердилар. Таъкидланганидек, лойиҳа доирасида бугунги кунда бешта агрегат ўрнига янги, замонавий насос агрегатлари ва электр двигателлар ўрнатилган, янги сув тиндиргич ва техник сув қувурлари қурилган, ёрдамчи ускуналарни қуриш ишлари эса давом этмоқда. Шунингдек, қолган 5 та насос агрегатини янгилаш бўйича ишлар бошлаб юборилган.
Насос станция ишчи-ходимлари ва мутахассисларига қурилиш ишларига, хусусан, масофадан маълумотларни юборувчи қурилмаларни таъмирлаш ва алмаштириш, агрегатларни ҳамда ёрдамчи ускуналарни йиғиш каби ишларда фаол қатнашиш зарурлиги билдирилди. Шунингдек, насос станциянинг босимли қувурларини тегишли тартибда синовдан ўтказиб, олинган хулосалардан босимли қувурларда реконструкция ўтказиш ёки капитал таъмирлаш бўйича тадбир белгилаши зарур уқтирилди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати