Музработ тумани деҳқонлари амалдаги йилда қишлоқ хўжалигининг етакчи тармоқлари ҳисобланган пахтачилик ва ғаллачиликда улкан ютуқларга эришдилар. Бу муваффақиятларда туман ирригация бўлими жамоасининг ҳам салмоқли ҳиссаси бор. Буни пахтакорлар ҳам, ғаллакорлар ҳам ҳар қадамда эътироф этишмоқда. Чунки деҳқонлар тан олганидек, замин унумдор, уруғлик сара, деҳқонлар миришкор бўлгани билан сув бўлмаса, барча ҳаракатлар зоя кетади. Музработ тумани экин майдонларига обиҳаётни элтиш бошқа туманларникига нисбатан анча машаққатли бўлишига қарамай, тажрибали ирригаторлар каналларга келган обиҳаётни тенг ва адолатли тақсимлаганликлари боис ҳеч бир ғўза, ҳеч бир ғаллазор сувсиз чанқаб қолгани йўқ. Туман экин майдонларининг ғалладан бўшаган қарийб 15 минг гектарига экилган такрорий экинлардан мўл ва сифатли ҳосил етиштирилишида ҳам ирригаторларнинг ҳиссаси жуда катта. Айни пайтда туман ғаллакорлари 2024 йил ҳосили учун кузги буғдой экишни якунлаш арафасида. Яна уларга ирригаторлар мададкор бўлишаётир. Чунки ерга сочилган уруғлик қурт-қумурсқа ва қушларга ем бўлмаслиги, тезроқ униб чиқиши учун ирригаторлар ғаллакорлар билан тенг меҳнат қилишаяпти, истеъмолчиларнинг ғаллазорини сувлаш учун елкамга-елка туриб мададкор бўлишаётир.
Музработ тумани ирригация бўлимида 33 нафар мутахассис меҳнат қилади. Улар аҳил, ҳар бир юмушни бири-бирига ўргатиб ва маслаҳатлашиб уддалайдилар. Ирригация бўлимига Жасур Бўриев раҳбар бўлгач, жамоа янада жипслашди. Жасур мутахассислар билан маслаҳатлашиб, каналлар атрофидаги ва гидроучасткалардаги бўш ерларга ҳар хил қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришга ирригаторларни қизиқтирди. Олинган ҳосил жамоа аъзоларига тенг тақсимланишига ишонтирди.
Бундан ташқари, гидроучасткада ёрдамчи хўжалик ташкил қилиниб, қўй-эчки ва парранда боқиш йўлга қўйилди. Куни кеча жамоа аъзолари тўпланишиб, таҳлилий йиғилиш ўтказишди. Ёрдамчи хўжалик қўрасидан бир қўй сўйилиб, файзли дастурхон атрофида жамулжам бўлишди ва келгуси ишларни режалаштириб олдилар. Энг фаол ва тажрибали сувчилар – Ўрол Турсунпўлатов ҳамда Олим Умбаровга ёрдамчи хўжалик даромадидан велосипед туҳфа қилинди ва йил якуни бўйича яна уч нафар сувчига велосипед ажратилишига қарор қилинди. Файзли дастурхонга дуо қилиш олдидан ёрдамчи хўжаликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар. Ўзларида қишлоқ хўжалик маҳсулотлари ва чорва бўлса, ҳар доим байрам қилишга имкон бўлишини баралла таъкидладилар. Ирригаторлар ўзлари 2 гектар майдонда етиштирган шоли ҳосилини тенг тақсимлашди ва бир қисмини захирага олиб қўйишди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати