Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Насос станциялари ва энергетика бошқармаси тасарруфидаги «Ёшлик» насос станциясида ўтказилган семинарда энергия ва сув сарфини «онлайн» мониторинг қилиш қурилмаларини ўрнатиш ва улардан самарали фойдаланиш масаласи муҳокама қилинди.
Таъкидландики, ўтган вақт мобайнида бошқарма таркибидаги 113 та насос станциясининг 109 тасида энергия ҳамда сув сарфини мониторинг қилиш қурилмалари қўйилган. Рақамларга қараб хулоса қилинадиган бўлса, бошқарма раҳбарияти ҳамда насос станциялари мутахассислари рақамлаштириш масаласига жиддий киришган ва бу борада сезиларли ютуққа эришгандек туюлади. Аслида ишлар кўнгилдагидек эмас. Негаки, ўрнатилган 109 та қурилманинг барчаси сув хўжалиги вазирлиги серверига интеграция қилингани ҳолда уларнинг фақат 20 тасидан маълумот бориб турибди. 67 та насос станциясига ўрнатилган қурилмалардаги маълумотлар узатилишида узилишлар мавжуд. 20 таси кишида номигагина ўрнатилгандек тасаввур уйғотади, чунки улар ишламайди ва шу сабаб маълумотлар бормайди.
Семинарда насос станциялари раҳбарлари ва бошқарма бош мутахассисларига, хусусан, рақамлаштиришга масъул мутахассис зиммасига қурилмаларнинг сим карта тўловларини амалга ошириб, қурилмаларни тўлиқ ишлашини таъминлаш, агар ўзларининг мутахассислари бузуқ қурилмаларни созлай олмаса, уларни ўрнатган, яъни пул олган пудратчи ташкилот вакилларини топиб, қурилмаларни тўлиқ ишчи ҳолатига келтириш топшириқлари берилди. Шунингдек, маблағ топиб, қолган насос станцияларида ҳам энергия ва сув сарфини мониторинг қиладиган қурилмаларни ўрнатиш тавсия қилинди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати