Бугун Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедициясида экин майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, объектларнинг кадастр паспортларини шакллантириш, кузатув қудуқларига дайвер қурилмаларини ўрнатиш масаласига бағишланган семинар ташкил этилди.
Тадбирда сўз олганлар кузги-қишки мавсумга режалаштирилган мелиоратив тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши, барпо этилаётган кузатув қудуқлари ва уларга ўрнатилаётган “Дайвер” қурилмаларининг бенуқсон ишлашини таъминлаш, бу жараёнда юзага келиши мумкин бўлган камчиликларни бартараф этиш чоралари ҳақида фикр юритишди.
Семинарда Жиззах вилоятидаги мелиоратив объектларнинг кадастр ҳужжатларини расимийлаштириш борасидаги вазифа 100 фоиз бажарилганлиги таъкидланди.
– Бунинг учун бутун жамоа аъзоларига, барча мутахассис ва ходимларга миннатдорчилик билдираман, – деди Мелиоратив экспедиция бошлиғи О.Холбеков. – Мутахассис ва ходимларимиз кузги-қишки даврга режалаштирилган юмушлар, жумладан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасидаги кўчат экиш, боғ яратиш ишларида ҳам худди шундай фаоллик кўрсатишмоқда.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати