Аввал айтиб ўтганимиздек, туманлар ирригация бўлимлари да фаолият кўрсатаётган гидрометр мутахассисларга иш ҳақи тўлаш разрядлари пасайтирилгани эвазига шу лавозимда ишлаб турган тажрибали мутахассислар ўз «пост»ларини тарк этиб, ирригация бўлимида маоши бирмунча кўпроқ ё мироб ёки канал бошлиғи вазифаларига ўтиб ишлашни афзал кўришганди.
Оқибатда туманлар ирригация бўлимларидаги гидрометр лавозимларига ўрта маълумотли ёшлар ёинки ҳали тажрибаси етарли бўлмаган мутахассислар тайинланган. Ушбу лавозимда ишловчи малакали, ишчан, топшириқни кўнгилдагидек адо эта оладиган тайёр кадрлар ҳозирча йўқ ҳисоби. Лекин қачон малакали кадрлар ишга жойлашади, деб қараб ҳам туриб бўлмайди. Сабабки, сувни тўхтатиб туриб бўлмайди, ҳар куни экинзорларни суғориш керак ва тақсимланадиган сувнинг ҳисоб-китобини чиқариб бориши керак.
Акс ҳолда бир фермернинг даласи кўллаб ётади, бошқасиники эса қақраб қолади. Ана шу «кемтиклик» ўрнини тўлдириш мақсадида Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассислари жойларга тез-тез чиқиб, гидрометрлар учун семинарлар уюштириб, тажрибасиз ёшларга сув ўлчаш ва унинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш йўл-йўриқларини обдон тушунтиришмоқда. Бу борадаги галдаги семинар Термиз туманидаги «Термиз» каналининг ПК-111+00 қисмида ўтказилди.
Термиз тумани ирригация бўлими жамоаси ва туманлардан ташриф буюрган ёш гидрометрларга, шунингдек, Термиз туманидаги «Амударё Гулбаҳор» ҳудудида фаолият олиб бораётган «Улуғбек Хуррам» фермер хўжалиги сувчию миробларига канал, шоҳариқ, ички суғориш тармоқларида оқиб турган сув ҳажми, тезлиги, миқдорини ҳамда суғориш тармоқлари чуқурлигини ўлчаш, сув ҳисоб-китобини аниқ чиқариш, бунинг учун замонавий сув ўлчаш қурилмаларидан фойдаланиш сир-асрорлари батафсил тушунтирилди.
Семинар қатнашчилари «Улуғбек Хуррам» фермер хўжалигининг 18 гектарли даласида ўрнатилган сув тежовчи технологияларни иш тартиби билан ҳам таништирилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати