Кўчат экиб, боғ яратиш азалдан савобли иш ҳисобланган. Меваларидан одамлар барака топган, манзарали дарахтлардан дили баҳра олган, ёғочидан қурилишда фойдаланган.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан бошланган “Яшил макон” лойиҳаси юртимизни том маънода яшилликка бурковчи умуммиллий ҳаракатга айланди. Тадбирларда республикамиз сув хўжалиги ходимлари ҳам фаол иштирок этмоқда.
Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ тумани Ғижол қишлоғидаги тоғолди ҳудудидан Сув хўжалиги вазирлиги учун 42 гектар ер майдони ажратилди. Сувчилар бу ерда 21,5 мингта бодом кўчатини экиб, "Сувчилар боғи" бунёд этишни бошлаб юбордилар.
Шу муносабат билан бугун ташкил этилган ҳашарда вазирлик марказий аппарати, тизимдаги республика ташкилотлари, Тошкент ва Жиззах вилоятларидан ишчи-ходимлар қатнашди. Уларнинг асосий қисмини қони гупуриб, ғайрати ичига сиғмай кетаётган ёшлар ташкил этади.
Ҳашарчилар бир куннинг ўзида 5 минг туп бодом кўчатларини қадашди. Ҳафта охиригача режадаги кўчатлар экиб бўлинади.
Албатта, тоғ олди ҳудудида, лалми жойда дарахт ўстиришнинг ўзи бўлмайди. Сувчиларнинг бунинг ҳисобини олишган. Пастдан оқиб ўтувчи сойдан насос орқали сув чиқарилиб, ҳовуз қурилади ва кўчатларни томчилатиб суғориш йўлга қўйилади. Шу билан бирга, қатор ораларига тўқсонбосди экинлар, боғ атрофига терак кўчатлари экилади.
– Ҳамма дарахтни сувга яқин жойга экишни истайди. Сувсиз кўчат унмайди. Сув хўжалиги тизимида эса дарахт кўкартириш учун имкониятлар бисёр, – дейди вазирлик бошқарма бошлиғи Хуршид Лапасов. – Барча ҳудудларда сув хўжалиги ташкилотлари тасарруфида канал, ариқ, зовурлар бўлиб, уларнинг ёқалари, ҳимоя минтақаларида кўчат экишга шароит бор. Шу боис, аслида ушбу мавсумда 1,5 миллион туп кўчат экиш топшириғини олишган бўлсада, сувчилар 10 миллион туп мевали ва манзаралари дарахт кўчатлари, 5 миллион туп қаламча ва бута кўчатларини экиш ташаббуси билан чиқишди.
Яна бир жиҳатни эътиборга олиш керак. Сувчилар азалдан сув бўйларига кўчат экиб келишган. Бунинг учун улар кўчатни сотиб олмасдан, ўзлари кўпайтиришган. Деярли барча сув хўжалиги ташкилотларида кўчатхоналар бор. Айрим ташкилотлар ёрдамчи хўжалигида дарахт кўчатларини кўпайтириб, даромад қилишнинг ҳадисини олишган. Шу сабабли, “Яшил макон” дастури доирасида сувчилар ички имкониятни ишга солишмоқда.
Қилинган меҳнатлар ҳеч қачон бесамар кетмайди. Бугун бошланган ишлар, албатта, натижасини беради. Бир-икки йил ўтиб, сув бўйларида яшил майдонлар пайдо бўлиб, дарахтлар гуллаб-яшнайди.
Биз ҳам яхши ниятларни дилга тугиб қўйдик. Ҳар йили баҳорда, кузда ёш сувчилар билан Ғижол қишлоғидаги “Сувчилар боғи”га борамиз. Тоза ҳаводан нафас олиб, боғдаги юмушларни бажариб, ош дамлаб, яйраб, дам олиб келамиз.
Шуҳрат Суюнов,
Ахборот хизмати бошлиғи