Бугун Сув хўжалиги вазирлигида Хитойнинг Шинжон вилояти Шихези шаҳри ҳокими ўринбосари Ли Гуанг бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказилди.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Д.Ходжиахмедов меҳмонларни юртимизга ташрифи билан қутлади. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпиннинг самимий ва дўстона муносабатлари мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорлик алоқаларининг изчил ривожига хизмат қилаётганини таъкидлади. Бунда сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорлик ҳам мустаҳкамланиб бормоқда.
Жорий йилнинг сентябрь ойида Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев раҳбарлигидаги делегация Хитойга ташрифи чоғида ушбу мамлакат сув хўжалиги иншоотларини бориб кўрганлиги, хитойлик ҳамкасблар билан музокаралар самарали кечганлиги эътироф этилди. Шу билан бирга, вазирлик делегацияси Шихези шаҳрида ҳам бўлиб, қатор учрашувлар ўтказган эди.
Ўз навбатида Хитой Фанлар академиясининг Шинжон экология ва география институти, Хитой Фанлар академияси Географик фанлар ва табиий ресурсларни тадқиқ қилиш институти, “Xinjiang Production and Construction Corps” ва бошқа компаниялар Ўзбекистонда сув хўжалиги соҳасида самарали ҳамкорлик олиб боришмоқда.
Шихези шаҳри ҳокими ўринбосари Ли Гуанг самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун янги таклифлар билан келганлигини айтиб ўтди. Хусусан, Xinjiang Tianye корхонаси қишлоқ хўжалиги директори Хан Ген сув тежовчи технологияларни жорий этиш, каналларни бетонлаштириш, сув омборидан то фермернинг даласигача ирригация тармоқларини лойиҳалаштириш ва қуриш тажрибаси ҳақида маълумот берди.
Томонлар таклифларни мутахассислар иштирокида жойида ўрганиб чиқиб, маслаҳатлашув ва мулоқотларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Ахборот хизмати