Ўзбекистон фахрийларининг ижтимоий фаолиятини қўллаб-қувватлаш “Нуроний” жамғармаси фаолларининг барча юртдошларимизга МУРОЖААТИ
Азиз ватандошлар!
Сув – ҳаёт манбаи! Бу улуғ неъматни ота-боболаримиз азалдан эъзозлаб, ҳар томчисидан оқилона фойдаланишни қадрият даражасига кўтаришган. Барча неъматларнинг ҳисоби бўлганидек, оби ҳаётнинг ҳам ўлчови бор!
Глобал иқлим ўзгаришлари туфайли саёрамизда юзага келаётган экологик муаммолар сабабли сув ресурслари тақчиллиги хавфининг ортиб бораётгани бугунги кунда нафақат Марказий Осиё ва мамлакатимиз учун балки бутун дунё мамлакатлари учун ҳам ўта долзарб масалага айланди.
Жонажон Ўзбекистонимиз Амударё ва Сирдарё оралиғида жойлашган бўлиб, фойдаланиладиган сувнинг 80 фоизи қўшни мамлакатлар ҳудудида шаклланади. Глобал иқлим ўзгаришлари, минтақада ёғингарчилик миқдорларининг йилдан йилга камайиши сув ресурсларига ҳам таъсирини кўрсатмоқда. Бундан 30-35 йил олдин мамлакатимизда фойдаланиладиган йиллик сув миқдори 62-64 млрд. м3 атрофида бўлган, ҳозирга келиб 51-52 млрд. м3 га тушиб қолди. Агар вазият шу тарзда давом этса, яқин йигирма йилда икки йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими ҳозиргидан 15 фоизга қисқариши, аҳоли жон бошига сув билан таъминланиш даражаси 25 фоизга, қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик эса 40 фоизга камайиб кетиши мумкин.
Ҳисоб-китобларга қараганда, Марказий Осиёнинг айрим ҳудудларида 2040 йилга бориб, сув ресурсларига бўлган эҳтиёж уч баробар ошади.
Сув тақчиллиги оқибатлари Марказий Осиёдаги ижтимоий-иқтисодий муаммоларни юзага келтириши муқаррарлигини ҳисобга олган ҳолда Давлатимиз раҳбари нуфузли халқаро анжуманларда, республикамиз ҳудудларига ташрифлари чоғида сув масаласига алоҳида эътибор қаратиб, уни тежашга ва самарали фойдаланишга даъват этаётгани бежиз эмас.
Яқинда Сурхондарё вилоятини иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказилган йиғилишда Давлатимиз раҳбари маҳалла фаоллари, нуронийлар, зиёлилар ва кенг жамоатчилик вакиллари олдига сувдан тежамкорлик билан унумли фойдаланиш ғоясини аҳолига чуқур сингдириш вазифасини қўйдилар ва келгусида юзага келиши мумкин бўлган сув танқислиги муаммосига бугундан ечим излашга барчамизни сафарбар этдилар.
Қадрли ҳамюртлар!
Дунёда сув тобора камайиб боргани сайин аҳоли сони кўпайиб, сувга бўлган эҳтиёж ортмоқда. Ҳамюртларимизнинг тоза ичимлик сувига бўлган эҳтиёжини қоплаш учун давлатимиз томонидан жуда катта маблағлар йўналтирилаётгани ва қийинчиликлар эвазига сув таъминоти амалга оширилаётгани сабабли бу муаммони ҳали тўлалигича англаб етмаяпмиз. Шу сабабдан қанчадан-қанча одамлар кундалик эҳтиёжларидан ортиқ сувни шунчаки жўмраклардан оқизиб юборишмоқда. Машина ва гилам ювиш шаҳобчаларида қанчадан-қанча тоза ичимлик суви исроф бўлмоқда.
“Халқимизда тома-тома кўл бўлур”, деган пурҳикмат нақл бор. Мамлакатимизда 36,5 миллиондан ортиқ аҳолининг ҳар бири бир литрдан сувни тежаса, бир ҳафта, ўн кунда қанча сув тежалишини ҳисоблаб кўринг.
Сувни исроф қилиш халқимиз келажагига хиёнат қилиш билан баробар эканлигини унутмайлик. Ўз уйимиз, оиламиз, маҳалламизда сув ресурсларидан тежамкорлик билан фойдаланайлик!
Ҳурматли нуронийлар!
Сиз ҳаётнинг оғир синовларини бошдан кечириб, умрнинг донишманд фаслига етдингиз. Исроф қилинган ҳар бир неъматнинг бадали ҳаётда ўзининг аччиқ оқибатларини кўрсатишини яхши биласиз.
Сизларнинг ҳаётий тажрибангиз, дуо ва тилакларингиз халқимиз учун ҳамиша катта таянч ва суянч бўлиб келмоқда. Бугун ҳар бир маҳалла, ҳар бир оилага кириб, сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида тушунтириш-тарғибот ишларини кучайтирайлик!
Халқимиз оби ҳаётни азал-азалдан муқаддас ҳисоблаб, уни асраб-авайлаган. “Сувдек сероб бўлинг”, “Сувдек азиз бўлинг”, деган эзгу ниятлар шу улуғ қадрият натижасида пайдо бўлган. Ота-боболаримизнинг бу улуғ қадриятини ёшларга тушунтиришда фаол ва ташаббускор бўлайлик!
Халқимизда “Қуш уясида кўрганини қилади”, деган нақл бежизга айтилмаган. Болаларимиз, невара-чевараларимиз оилада ҳар бир ишни биздан кўриб, ўрганади. Шундай экан сув ва бошқа неъматларни қадрлаш, тежаб ишлатиш зарурлигини оилада, дастурхон атрофида фарзандларимизга тушунтирайлик!
Қадрли маҳалла фаоллари, азиз ота-оналар!
Унумдор ва серҳосил экинзорларимизнинг, бол тўла боғларимизнинг гуллаб-яшнашида, ҳаётимиз фаровонлигида энг муҳим омил бўлган сувнинг ҳар бир қатрасини асраб-авайлаш ҳаёт давомийлигини таъминлаш билан баробар!
Муқаддас динимизда ҳам сув энг улуғ неъмат эканлиги, унинг исроф қилинган ҳар бир томчиси учун ҳисоб-китоб муқаррарлиги эслатилган. Маълумотларга кўра, бугунги кунда дунёнинг 40 дан ортиқ мамлакатидаги 2 миллиарддан зиёд аҳоли сув танқислиги туфайли азоб чекмоқда. БМТ маълумотларига кўра, қарийб 1,5 миллиард аҳоли тоза ичимлик сувидан бебаҳра қолмоқда.
Юртимизда эса аҳолига сувни етказиб беришда давлатимизнинг қанчадан-қанча маблағи сарфланаётганини, қанчадан-қанча мутахассислар бу йўлда хизмат қилаётганини оилада, мактабда ва ҳатто боғча ёшидан бошлаб ёш авлодга тушунтирайлик!
Шу билан биргаликда, ҳашарлар уюштириб, ўз ҳудудимиздан ўтган ариқлар, сув йўллари атрофини ободонлаштиришга ҳисса қўшайлик.
Ҳурматли фермерлар, миришкор боғбонлар ва деҳқонлар!
Мамлакатимизда жами сувнинг 90 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлатилади, 4 фоизи коммунал мақсадларда истеъмол қилинади, қолган қисми саноат ва бошқа йўналишларда фойдаланилади. Сув йўқотишларининг энг катта қисми айнан қишлоқ хўжалиги соҳасига тўғри келади. Мамлакатимиздаги суғориш тармоқларининг ярми бетонланмагани, яъни тупроқ ўзанли ариқ ва каналлардан иборат бўлгани сабабли катта миқдорда сув йўқотилмоқда.
Республикамиздаги суғориладиган майдонларнинг 60 фоиздан ортиқ қисмига 1680 дан зиёд насос станциялари ва 4 мингдан ортиқ суғориш қудуқлари орқали, жуда катта маблағлар ва саъй-ҳаракатлар эвазига сув етказиб берилади. Сув хўжалиги соҳасига ажратилган 10 трлн. сўм миқдоридаги маблағларнинг 63 фоизи насос станцияларининг электр энергияси харажатларига сарфланмоқда, яъни давлат бюджетидан ажратилаётган катта маблағлар ва машаққатлар эвазига экин далаларига етиб бораяпти. Ушбу маълумотлардан аён бўладики, сув текин эмас, ҳатто арзон ҳам эмас!
Шундай қийинчиликлар билан етказиб берилаётган сувни аҳоли томорқалари ва экин далаларида кўллатиб, зовурларга оқизиб қўйилаётган ҳолатларига дуч келганимизда индамасдан кўз юмиб ўтиб кетаверишимиз она Ватаннинг гуллаб-яшнаши ва ривожланишига бефарқлик ва катта гуноҳ эканлигини халқимиз онгига сингдирайлик!
Бугунги кунда мамлакатимизда сув тежовчи технологияларни жорий этганларни давлатимиз қўллаб-қувватлаб, субсидиялар ажратмоқда. Тежамкор технологияларга ўтаётганлар сони йилдан йилга кўпайиб бораяпти. Айниқса, томчилатиб, ёмғирлатиб, дискрет усулида суғориш, ерларни лазер ускунасида текислаш оммалашмоқда. Тежовчи технологияларни қўллаш орқали фермерлар, деҳқонлар, кластер эгалари нафақат сувни тежаяпти, ҳосилдорлик ошиши ҳисобига яхшигина даромад ҳам кўраяпти.
Уста деҳқонлар яхши биладики, томчилатиб суғориш – далага эмас, ўсимликка сув бериш дегани. Маблағ тежалади. Анъанавий суғоришда ўғитлар сувда оқиб, зовурларда қамишлар ўсишини кучайтираётган бўлса, томчилатиб суғоришни жорий қилган фермерлар айнан экинларга сув ва ўғитни бир хил етказиб бериш ҳисобига бир неча баробар ортиқроқ ҳосилдорликка эришмоқдалар.
Сиз ҳам илғорлар сафига қўшилинг! Халқимизда “Сув зар – сувчи заргар”, деган ибора бежиз айтилмаган. Қишлоқ хўжалиги экинлари етиштиришда заргарона маҳорат билан сувдан унумли фойдаланинг! Тежамкорликнинг замонавий усулларидан фойдаланиб, бир қатра сув беҳуда сарф бўлишига йўл қўйманг! Тежамкорликда бошқаларга намуна бўлинг.
Отанг мироб бўлса ҳам, ариғингни чуқур қазгин, деган нақлга амал қилиб, ишни куз-қиш мавсумида ўз ҳудудингиздаги ички ариқларни тозалаш ва бетонлашдан бошланг!
Азиз ёшлар!
Сизлар Янги Ўзбекистоннинг бунёдкор кучисиз! Халқимиз кўзлаётган юксак марраларга эришишда ақл-заковатингиз, ғайрат-шижоатингиз, она Ватанга бўлган садоқатингиз беқиёсдир.
Президентимиз сув тақчиллиги муаммосига тўхталар экан, бу борада билим энг муҳим омил эканини қайта-қайта таъкидламоқда. Сув тақчиллигининг олдини олиш, табиий ресурслардан тежамкор усулларда самарали фойдаланиш бўйича замонавий билимлар асосида ташаббускор бўлинг! Келгусида мамлакатимизда сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар юзага келмаслиги учун бугундан ҳаракат қилинг, ҳар бир қатра сувни тежаб ишлатинг! Бу борада тенгдошларингиз орасида ташаббус кўрсатинг!
Қадрли ҳамюртлар!
Ҳар биримиз бир қатраси тиллодан ҳам қиммат сувни тежар эканмиз, бу мамлакатимиз иқтисодиётига, халқимиз фаровонлигига, эл-юртимиз равнақига, фарзандларимизнинг келгуси бахтли-саодатли ҳаётига қўшаётган энг хайрли улушимиз бўлади. Сув текин эмаслигини, оби ҳаётни исроф қилиш халқимиз келажагига хиёнат қилиш билан баробар эканлигини унутмайлик!
Сув – ҳаёт манбаи экан, ҳар биримиз фарзандларимиз келажаги олдида масъул эканимизни ёдда тутайлик! Сувнинг бебаҳо неъмат эканлигини барча шаҳар ва қишлоқларимиз, маҳаллаларимиз, ўқув юртларимизда ёшлар онгига чуқур етиб бориши учун тушунтириш ва тарғибот ишларини бир лаҳза ҳам тўхтатмайлик!
Қайта-қайта такрорланган бўлса-да, бир нарсани унутишга ҳақимиз йўқ: Сув – энг улуғ неъмат. Ундан тежамкорлик билан фойдаланиш, ҳар бир томчисини асраб-авайлаш бугунги авлоднинг келажак олдидаги масъулияти ва бурчидир!
“Янги Ўзбекистон” газетасининг
2023 йил 1 декабрдаги 250 (1039)-сонидан олинди