Мавжуд экин ерларининг барчаси насослар ёрдамида, яъни, катта маблағ, ишчи кучи ва электр энергияси эвазига суғориладиган Бухоро вилояти учун сувнинг ҳар бир қатраси ҳисобли бўлмоғи лозим. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилишида ҳам воҳада сувдан самарали фойдаланиш талаб даражасида эмаслиги қайд этилди. Давлатимиз раҳбари бир йил давомида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилишини таъкидлади.
Бунда биринчи муҳим вазифа – канал ва ариқларни бетонлаштириш бўлиб, ҳисоб-китобларга кўра, Бухоро вилоятида бетонланлаштирилмаган ирригация тармоқларида йилига ўртача 1 миллиард 380 миллион куб метр ёки умумий сув миқдорининг 37 фоиз сув ҳеч қандай иқтисодий самарасиз исроф бўлаяпти.
Шу боис, Бухоро вилоятида ҳам канал ва ариқларни бетонлаштириш ишлари жадал олиб бориляпти.
Жорий йилда давлат дастури асосида марказлашган капитал маблағлари ҳисобидан 78 километр, пахта-тўқимачилик кластерлари ҳамда фермер хўжаликлари ҳисобидан 360 километр узунликдаги туманлараро ва хўжаликлараро канал ҳамда ариқларни бетонлаштириш режалаштирилган. 2023–2024 йиллар давомида эса 1200 километр узунликдаги канал ва ариқларни бетонлаштириш режа-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда. Бу борада амалга ошириладиган ишлар вилоят ҳокими Ботир Зарипов томонидан ҳам алоҳида назоратга олинган.
Куни кеча вилоят раҳабари Қорвулбозор туманидаги “Оқ олтин тола” МЧЖ шаклидаги пахтачилик-ғаллачилик фермер хўжалиги томонидан амалга оширилаётган ички тармоқларни бетонлаштириш ишлари билан танишди. Бобир Холбозоров раҳбарлик қилиётган хўжалик ихтиёрида 280 гектар ер майдони мавжуд бўлиб, улар тўрт километр узунликдаги ички ирригация тармоқлари орқали суғорилади. Сув йўлларинг аҳволи эса талаб даражасида эмас. Умуман, тумандаги 427 километр ирригация тармоқларидан 80 километри бетонлаштирилмаган.
Ботир Зарипов бетонлаштириш ишларини лойиҳа орқали амалга ошириш, ишда сифатга алоҳида эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шундан келиб чиқиб, масъулларга муҳим топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуотхизмати