Конституция – давлатнинг энг асосий ҳужжати.
У барча қонунларнинг ўзаги, Бош қомус.
Асосий қонуннинг халқчиллиги жамият ва давлат ривожига, фуқароларнинг фаровон ҳаётига хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 31 йиллиги муносабати билан Сув хўжалиги вазирлигида анжуман ўтказилди. “Конституция – халқчил давлат, барқарор тараққиёт ва фаровон ҳаёт асоси!” мавзусидаги тадбир вазирликнинг юридик бўлими томонидан Адлия вазирлиги билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Унда Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев тадбир иштирокчиларини, уларнинг тимсолида тизимдаги кўп минг сонли сувчилар жамоасини Асосий қонунимиз байрами билан қутлади. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан сув хўжалигида олиб борилаётган ислоҳотлар, эришилаётган натижалар, ходимларнинг меҳнат қилиш ва бошқа ҳуқуқларини таъминлашда Конституциямиз мустаҳкам пойдевор бўлаётганлиги эътироф этилди.
Тадбирда вазирлик марказий аппарати, тизим ташкилотлари ходимлари, олимлар, тадқиқотчилар қатнашди.
Адлия вазирлигининг масъул ходимлари Жамшид Юсупов, Наврўз Тўхтаев ва Тошкент Давлат Юридик университети катта ўқитувчиси Бобир Қорёғдиевнинг Конституциямизга киритилган ўзгартишлар, уларнинг аҳамияти, Бош қомусимизнинг халқчиллиги ҳақидаги тақдимотлари тингланди.
Таъкидландики, давлат органлари фаолиятида очиқлик ва ошкоралик тобора кенгайиб бормоқда. Муҳим қарор ва қонун лойиҳаларини, бюджет маблағларидан оқилона фойдаланиш, давлат харидлари масалаларини муҳокама қилиш жараёнида фуқароларимиз фаол иштирок этмоқда. Шу асосда давлат ташкилотлари ва фуқаролик институтлари ўртасидаги ҳамкорлик ва жамоатчилик назорати янги босқичга кўтарилаяпти.
Юртдошларимиз учун мамлакатнинг хоҳлаган ҳудудида эмин-эркин яшаш, уй-жой ва кўчмас мулк сотиб олиш, фуқароликка эга бўлиш, билим олиш, меҳнат қилиш, тадбиркорлик билан шуғулланиб даромад топиш, турли давлат хизматларидан фойдаланишга оид кенг имкониятлар яратилмоқда. Энг муҳими, бундай ўзгаришларни ҳар бир инсон кундалик ҳаётида кўрмоқда, ҳис этмоқда.
Шунингдек, 10 декабрь – Ўзбекистон Республикасининг давлат мадҳияси тўғрисида”ги Қонун кун муносабати билан “Оламни маҳлиё айлаган диёр” шиори остида тақдимот қилинди.
Анжуманда мутахассисларга ҳуқуқий саволлар келиб тушди. Барчасига қониқарли жавоблар берилди.
Ахборот хизмати