Халқимизда “Сув зар – сувчи заргар”, деган нақл бор. Заргарона маҳорат билан сувдан унумли фойдаланиш орқали сувчиларимиз мамлакат озиқ-овқат хавфсизлиги ва халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшиб келмоқдалар.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни билан юртимизнинг кўп минг сонли ва аҳил сувчилар жамоасини, уларнинг яқинлари ва оила аъзоларини чин қалбимдан самимий муборакбод этиб, юксак ҳурмат-эҳтиромим ва эзгу тилакларимни билдираман.
Кейинги 30 йилда минтақамизда ҳаво ҳарорати бир ярим градусга кўтарилди. Оқибатда музликлар умумий майдонининг қарийб учдан бир қисми йўқолиб кетди. Ушбу тенденция сақланиб қолса, яқин йигирма йилда минтақамиздаги иккита йирик дарё – Амударё ва Сирдарё оқими 15 фоизга қисқариши мумкин.
Давлатимиз раҳбари БМТ Бош Ассамблеясининг 78-сессиясидаги нутқида шу масалага урғу бериб, ўз вақтида таъсирчан чоралар кўрилмаса, ушбу муаммолар оқибатлари минтақамиздаги ижтимоий-иқтисодий барқарорликка жиддий путур етказишини таъкидладилар.
Президентимиз Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши мажлисида, БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича конференциясидаги (СOP28) нутқида ҳам дунё жамоатчилиги эътиборини сув муаммосига қаратиб, сув танқислигини юмшатиш бўйича янги ғояларни илгари сурдилар.
Биз соҳа вакиллари сув билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш, юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшиш учун кечаю-кундуз хизмат қилаяпмиз.
Давлатимиз раҳбари қишлоқ хўжалиги ходимларига йўллаган табригида таъкидланганидек, “ҳозирги ўта мураккаб иқлим шароитида кўплаб синов ва қийинчиликларга қарамасдан, ердан мўл ҳосил етиштириш – бу чинакам жасорат ва матонат намунасидир. Халқимиз сиздек миришкор деҳқон ва фермерлар, моҳир сувчи ва ирригаторлар, ўз ишининг ҳақиқий устаси бўлган механизаторлар ва агрономлар, тажрибали чорвадор ва пиллакорлар, жонкуяр олим ва тадқиқотчилар, кластер ходимлари тимсолида ана шундай фидойи инсонларни кўради ва эл-юрт дастурхонини тўкин қилиш йўлидаги шарафли ва олижаноб меҳнатингизни юксак қадрлайди”.
Президентимиз ўз табригида ҳозирги кунгача 500 минг гектар майдонда томчилатиб ва ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий этилиб, 3 млрд. м3 сув иқтисод қилингани, шунингдек қарийб 1 млн. гектар ернинг сув таъминоти яхшиланганини ҳам айтиб ўтдилар.
Бугунги кунда вазирлигимиз тизимида насос станциялари, сув омборлари, йирик гидроиншоотлар, канал ва коллектор тармоқларини модернизация қилиш орқали сувни тежаш, оби ҳаётни етказиш харажатларини қисқартириш бўйича ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда.
“Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”да 1,5 минг км йирик каналларни, шунингдек, маҳаллий ҳокимликлар билан бирга 3,5 минг км ички тармоқларни бетон қопламага ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тузилиб, амалий ишлар аллақачон бошлаб юборилди.
Сув хўжалигини рақамлаштириш, соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини татбиқ этиш, кадрлар малакасини ошириш бўйича ишлар ўз самарасини бераяпти. Бу жараёнда Агробанк билан ҳамкорликда “Сувчилар мактаби” лойиҳаси доирасида ўқув-семинарлар уюштирилмоқда.
Олдимизда кузги-қишки тадбирларни сифатли амалга ошириб, келгуси йил суғориш мавсумига пухта тайёргарлик кўришдек масъулиятли вазифалар турибди.
Ишонаманки, савобли касб эгалари бўлган сувчиларимиз бирдамлик, ғайрат-шижоат билан олдимизга қўйилган марраларга эришадилар ва билдирилган юксак ишончни оқлайдилар.
Қайта-қайта такрорланган бўлса-да, бир нарсани унутишга ҳақимиз йўқ: Сув – энг улуғ неъмат. Сув хўжалиги соҳасининг барча ходимларини ўзи яшаб турган ҳудуддаги канал ва ариқларни тозалаш, бетонлаштиришда ташаббус кўрсатишга, сувни тежаб ишлатишда жамиятда ҳаммага ибрат бўлишга даъват этаман.
Сизларни бугунги байрам билан яна бир бор қутлаб, жонажон юртимизнинг фаровонлиги йўлидаги эзгу ва савобли фаолиятингизда улкан ютуқлар тилайман.
Барчангизга сиҳат-саломатлик, оилавий бахт, масъулиятли ва шарафли меҳнат фаолиятингизда улкан зафарлар, хонадонларингизга қут-барака ва хотиржамлик ҳамиша ёр бўлишини тилайман.
Сувимиз доим мўл ва баракали бўлсин!
Шавкат Хамраев,
Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири
2023 йил 10 декабрь