Бугунги кунда Бухоро вилоятида ҳам мавжуд насос станциялари, сув омборлари, канал ва коллектор тармоқларини модернизация қилиш орқали сувни тежаш, обиҳаётни етказиш харажатларини қисқартириш бўйича ҳаракатлар изчил давом эттирилмоқда. Хусусан, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан эълон қилинган “Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” доирасида 1 минг 200 километр узунликдаги каналлар ва ички сув тармоқларини бетон қопламага ўтказиш бўйича чора-тадбирлар тузилиб, амалий ишлар бошлаб юборилган.
Айни йўналишда бажарилаётган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида вилоят ҳокими Ботир Зарипов секторлар раҳбарлари, тегишли соҳа мутасаддилари ҳамроҳлигида Когон туманида бўлди.
Маълумотларга кўра, туманда фермер хўжаликлари, кластер корхоналари қарашли жами 700 километр ички тармоқ ариқлари мавжуд. Шундан 115 километр ариқлар бетонлаштирилган. Туман ирригация бўлими тасарруфидаги тармоқлар эса 65 километрни ташкил этиб, уларнинг 61 километри бетонлаштирилган. Жумладан, “Ябон” ариғининг 6,5 километр узунликдаги қисми тўлиқ бетонлаштирилган. Қолган ҳудудларда ҳам жараён давом этмоқда.
Вилоят ҳокими Ботир Зарипов “Ябон” ариғининг бетонлаштирилган қисмини кўздан кечириб, унинг қирғоқ қисмларида дарахт кўчатларини экиш, қолган ички тармоқларни ҳам тозалаш ва бетонлаштириш бўйича масъулларга топшириқ ва кўрсатмалар берди.
Шунингдек, қишки тадбирларни сифатли амалга ошириб, шўр ювиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш бўйича муҳим вазифалар белгиланди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати