Қизириқ тумани ўтган асрнинг етмишинчи йилларида Сурхон-Шеробод даштларини ўзлаштириш ҳисобига ташкил қилинган. Қизириқ туманида узоқ йиллар давомида асосан пахта етиштирилгани оқибатида унумдор ерларнинг мелиоратив ҳолати издан чиқди, ер ости сизот сувлари кўтарилиб, экин майдонларининг шўрланиш даражаси кучайиб, ўстириладиган зироатлардан олинадиган ҳосил анча пасайиб бормоқда. Мутахассислар туман ерларини яшартириш ва унумдорлигини оширишнинг бирдан-бир чораси Сурхон-Шеробод даштларини ўзлаштириш жараёнида барпо қилинган коллекторлар ва ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини таъмирлаш эканлигини тавсия қилишган. Албатта, Қизириқ туманидаги барча коллектор ва дренаж тармоқларини бир мавсумда таъмирлаб, тиклаш мушкул юмуш. Катта маблағ талаб этиладиган бу ишларни йиллар давомида бажаришга тўғри келади.
Жорий йилдаги дастурга асосан туманнинг Ҳ.Эшонов, Охунбобоев номли, «Гиламбоп», «Меҳнатобод», «Истара», «Бўстон» ҳудудларидан ўтувчи К -1, К -2, К-6 коллектор тармоқларининг 321 километр қисмини таъмирлаш ҳамда 90,2 километр узунликдаги ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини тозалаш режалаштирилган.
Бундан ташқари, лойиҳага асосан шу объектлардаги 26 та қувурли ўтиш йўлини тиклаш ҳамда кузатув қудуқларини таъмирлаб, 25 та «Дайвер» қурилмаларини ўрнатиш белгиланган.
Йилдан йилга ўтувчи ушбу лойиҳа доирасида қурувчилар 7,5 миллиард сўмлик таъмирлаш-тиклаш ва тозалаш ишларини амалга ошириши кўзда тутилган. Ҳозиргача пудратчи ташкилот – «Фахриддин» МЧЖ бунёдкорлари коллектор тармоқларининг 321 километр қисмини лойқадан тозалаб, таъмирлашди, ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларининг 71 километр қисмини тозалаб, бу борадаги режани 75 фоизга уддалашди. Айни дамларда қурувчилар 26 та қувурли ўтиш йўлининг 21 тасини бунёд этишди. Кузатув қудуқларини таъмирлаб, «Дайвер» қурилмаларини харид қилиш ва ўрнатиш чораларини кўришмоқда. Умумий ҳисоблаганда қурувчилар лойиҳада белгиланган 7,5 миллиард сўмлик ишнинг 6 миллиард 754 миллион сўмлик таъмирлаш-тиклаш ишларини адо этишди.
– Қизириқ туманидаги коллекторлар ва ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини таъмирлаш-тиклаш ҳамда тозалаш туфайли 8 минг гектар экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, ер ости сизот сувлари пасайиши натижасида шўрланиш даражаси камаяди, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ ҳузуридаги Мелиоратив экспедиция бошлиғининг ўринбосари Нуриддин Тўраев. – Охирги пайтда давлат томонидан ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш юзасидан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида вилоятимиздаги экин майдонларининг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, зироатлардан олинаётган ҳосил сифати ва салмоғи ошиб бормоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати