Қишлоқ хўжалигида экин ерларини ўз вақтида обиҳаёт билан таъминлаш, агротехник тадбирларни сифатли олиб бориш ва қишлоқ ҳўжалиги экинларидан баракали ҳосил етиштиришда сув тақчиллигининг олдини олиш, ирригация тармоқларини шай ҳолатга келтириш, жумладан, канал ва ариқларни бетонлаштириш орқали сув сарфини каматиришга эришиб, имкон қадар йўқотишларнинг олдини олиш беқиёс аҳамиятга эга. Ҳисоб-китобларга кўра, биргина Олот туманининг бетонланмаган ирригация тармоқларида бир йил давомида ўртача 90 миллион куб метр ёки 30 фоиз сув исроф бўлмоқда. Шу боис туманда канал ва ариқлар ўзанини бетонлаштириш ишларига киришилган.
Туманда суғориладиган ер майдонлари 21 минг 362 гектарни ташкил этиб, мавжуд канал ва ариқларнинг кўп қисми тупроқ ўзанли бўлгани сабабли фермер ва деҳқон хўжаликлари билан бирга аҳоли томорқа ерларига сув етказиб беришда манбадан олинган сув экин майдонига етиб бориши қатор қийинчиларга дуч келинмоқда.
Масаланинг ечими сифатида туманда 2023–2024 йилларда 96 км узунликдаги, шундан жорий йил якунига қадар 29 км канал ва ариқ ўзанини бетонлаштириш ишлари бошланган. Бу чора-тадбир манзилли лойиҳалар бўйича ўша ҳудуддаги фермер хўжаликлари ҳамда агрокластер ҳисобидан амалга оширилмоқда. Бинобарин, мутахассисларнинг фикрича, бетонлаштирилган канал ва ариқларда сув равон оқади ва асосийси, бебаҳо табиат неъмати ерга беҳуда сингиб кетишининг олди олинади.
Бугунги кунда тумандаги “Жўрабек Жўраев” ва “Нурулло бобо Отамуродов”, “Шукрулло Ўринов”, “Яланг кўл замини”, “Сардор обод”, “Исмоил Наврўз”, “Қозоқ бобо”, “Иброҳим полвон” каби фермер хўжаликларининг жами 450 гектарли экин ерлари ҳамда аҳоли томорқасини обиҳаёт билан таъминлайдиган каналнинг 3 километрдан ортиқ қисмини бетонлаштириш ишлари ниҳояланди.
Шунингдек, “Эргаш Давлат”, “Шарқ юлдузи”, “Нурли замин”, “Санжар Жўраев”, “Мансур Даврон”, “Шахбозжон Райимқулов” фермер хўжаликлари ҳамда 550 дан ортиқ хонадон томорқасини сув билан таъминлайдиган Хидрейли ариғининг 2,2 км қисмида ҳам бетонлаштириш ишлари жадал олиб борилмоқда. Бу сув йўлини бетонлаштириш ишларини “Бакен қурилиш монтаж” хусусий корхонаси жамоаси ўз зиммасига олган.
Умуман, келгуси 2024 йил эрта баҳор мавсумида ҳудуддаги ариқларнинг 21 км масофадаги ўзанини бетонлаштириш мақсад қилинган. Шу боис, дала-деҳқончилик ишлари, агротехник тадбирлар билан бирга, ариқларни бетонлаштириш ишлари туман мутасаддиларининг кундалик назорати остида. Бунда қурувчи-пудратчи корхона масъулларига сув йўллари ўзанини бетонлаштириш юзасидан амалий таклиф ва тавсиялар берилмоқда.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати