Жанубий Мирзачўл магистрал каналидан фойдаланиш бошқармасининг техник-гидрометри Абдуразоқ Муҳаммадиевнинг ҳаёти ва иш фаолияти ўзбек халқнинг “Дарахт бир жойда кўкаради”, деган нақли чин ҳақиқат эканини тасдиқлайди. Бир замонлар иш излаб Жанубий Мирзачўл каналидан фойдаланиш бошқармаси “эшигини тақиллатиб” келган 23 ёшли норғул йигит 35 йилдирки мана шу ташкилотда меҳнат қилиб келмоқда.
– Жамоамиз аъзоларининг аксариятини иш ўрганишга, тажриба орттиришга чанқоқ ёшлар ташкил этади, – дейди бошқарма бошлиғи Ш.Жўраев. – Шу сабаб “устоз-шогирд” анъанасига алоҳида эътибор қаратганмиз. Ёш ишчи-ходимларга Абдуразоқ ака сингари ўз ишининг устаси бўлган мутахассисларимиз ҳар жиҳатдан – ишда ҳам, ҳаётда ҳам ўрнак бўлишяпти.
А.Муҳаммадиев ўзининг кўп йиллик фаолияти давомида оддий техник, етакчи муҳандис, канал бошлиғи, бош муҳандис-гидротехник вазифаларида ишлади. Билим ва малакасини ошириш мақсадида сиртдан ўқишга кириб, 1996 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тамомлади. Турмуш ўртоғи билан бахтли ва тотув ҳаёт кечириб, тўрт нафар ўғил-қизни тарбиялаб, вояга етказди.
Касб фидойисининг ана шу узоқ йиллик меҳнати бесамар кетмади. Бир неча кун аввал нишонланган сана – Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунида унга “Ўзбекистон Республикаси сув хўжалиги аълочиси” кўкрак нишони топширилди. Бу янгилик нафақат мукофот соҳибининг ўзини, балки унинг яқинлари, Жиззах воҳасининг барча сувчиларини беҳад xурсанд қилгани рост гап.
– Ота-боболаримизнинг “Сув келтирган азиз”, деган пурҳикмат ибораси бор, – дейди Абдуразоқ Муҳаммадиев. – Бу гапнинг менга ҳам алоқаси борлигидан, камтарона меҳнатим билан элу-юртга оз бўлсада фойдам тегаётганидан мамнунман. Юксак мукофот эса, шубҳасиз, кучимга-куч, ғайратимга-ғайрат қўшади...
Х.КАРИМОВ,
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот котиби