Бу мавсум сурхондарёлик деҳқонлар учун омадли ва баракали йил бўлди. Вилоят ғаллакорлари 648 минг тонна сара дон йиғиштириб олган бўлса, пахтакорлар ҳам 260 минг тоннадан ортиқ сифатли хомашё тайёрлаб, бу борадаги режани республикада биринчи бўлиб адо этишди. Сабзавот етиштирилган далалардан ҳам 1,2 миллион тоннадан кўпроқ ҳосил йиғиштириб олиниб, асосий қисми ички бозорни тўлдиришга, бир қисми экспортга йўналтирилди. Натижада деҳқонларнинг даромади ортиб, турмушлари янада фаровонлашмоқда. Сурхондарёлик пахтакору ғаллакор, боғбону сабзавоткор ҳамда томорқа ер эгаларининг далаларида, боғларида, томорқаларида ҳосил мўл бўлишида ирригаторлар ва мелиораторларнинг ҳам ҳиссаси каттадир. Улар сув бирмунча тақчил бўлган шароитда ҳам экин майдонлари, боғ-роғларни етарлича обиҳаёт билан таъминлаб туришди.
Айни қиш ойларида сувга нисбатан эҳтиёж бирмунча камайганини эътиборга олган ирригаторлар ва мелиораторлар аёзли кунларда ҳам ўз вазифаларини унутмай, суғориш тармоқларини лойқа ва чиқиндилардан тозалаш, коллектор-дренаж тармоқларини реконструкция қилиш, таъмирлаш-тиклаш юмушларини қизғин давом эттиришмоқда. 2023–2024 йилги кузги-қишки тадбирлар режасига кўра, Аму-Сурхон ИТҲБ тизим ташкилотлари мутахассислари хўжаликлараро суғориш тармоқларининг 283 километр қисмини механизмлар ёрдамида тозалашни режалаштиришган. Ноябрь–декабрь ойида каналларнинг 95 километр қисмини тозалаш кўзда тутилганди. Каналларда 17 та экскаватор ва бошқа техникалар ишламоқда. Қисқа фурсатда 100 километр узунликдаги хўжаликлараро суғориш тармоқлари механизмлар ёрдамида тозалаб чиқилди. Бу ишларни амалга ошириш учун умумий ҳисобда 717 миллион сўмлик ёки 188,7 минг куб метр тупроқ ишлари уддаланди.
Ирригаторлар каналлардаги гидротехник иншоотлар ва гидропостлар таъмирига ҳам алоҳида эътибор беришмоқда. Жорий йилнинг 12 декабрь ҳолатида каналлардаги 148 дона гидротехник иншоотлар ва 134 дона гидропостлар таъмирланиб, бу борадаги йиллик режа 36–45 фоизга адо этилди. Бу ишларни амалга ошириш учун маҳаллий бюджетдан ажратилган қарийб 600 миллион сўм сарфланди.
Аму-Сурхон ИТҲБ тизим ташкилотлари мутахассисларининг ташкилотчилиги ва ташаббускорлигида ички суғориш тармоқларини лойқа ва чиқиндилардан тозалаш, бетонлаштирилган қисмларидаги кўчган ва эрозияга учраган бетон қопламаларни қайта таъмирлаш ишлари ҳам жадаллаштирилаяпти. Бу ишга фермер хўжаликлари, кластер ташкилотлари аъзолари ва техникаларини ҳамда маҳалла фуқаролари йиғинлари фаоллари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб аҳолини сафарбар этиш ҳисобига 12 декабрь ҳолатида ички суғориш тармоқларининг 405 километри қисми механизмлар ёрдамида, 1784 километр узунликдаги ариқ ва шоҳариқлар қўл кучи ёрдамида тозаланди. Ички суғориш тармоқларидаги гидротехник иншоотлар ҳамда гидропостларни таъмирлаш, ростлаш, янгисига алмаштиришда фермер хўжаликлари, кластер ташкилотлари маблағлари жалб қилинган ҳолда амалга оширилаётир. Ирригация бўлимлари мутахассислари ва улар қошидаги махсус хизмат ходимлари фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари раҳбару мутахассислари билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, ички суғориш тармоқларидаги сув олиш қулоқларини жиҳозлаш ва бетонлаштиришга алоҳида аҳамият беришаётир. Бугунгача вилоятдаги ички суғориш тармоқларидаги фермер ва кластер ташкилотлари даласига сув очиладиган қулоқларнинг 500 таси ҳомийлар ажратган 300 миллион сўм эвазига жиҳозланди.
– Сурхондарёда қиш илиқ бўлиб турибди, – дейди Аму-Сурхон ИТҲБ бош мутахассиси Илҳом Файзуллаев. – Бу имкониятдан унумли фойдаланиб режалаштирилган кузги-қишки тадбирларни тез ва сифатли бажариш ҳаракатидамиз. Ҳавза бошқармаси мутахассисларидан иборат ишчи гуруҳи аъзолари тез-тез жойларга чиқиб, кузги-қишки ишларни жадаллаштиришда туманлар ирригация бўлимлари ходимларига амалий кўмаклашишмоқда ва юзага келаётган муаммоларни бартараф қилиш чораларини кўрилаяпти.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати