2023 йил 21 декабрь куни “Сув хўжалиги вазири ва ёшлар форуми” бўлиб ўтди.
Тадбир “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университетининг мажлислар залида ўтказилди.
Унда Сув хўжалиги вазирлиги, республика ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги деярли барча тизим ташкилотларидан ёш сувчилар, Ирригaция ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институти тадқиқотчилари, миллий тадқиқот университетининг сув хўжалигига кадр тайёрлайдиган йўналишлари талабалари, оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат 550 киши иштирок этди.
Форумда Сув хўжалиги вазири Шавкат Хамраев ёшларга мурожаат билан чиқди. Бугунги кунда соҳада меҳнат қилаётган ёшларга шароитларни яхшилаш, уларни раҳбар лавозимларга тарбиялаш, тажрибасини ошириш, қўллаб-қувватлаш доимий эътиборда эканлиги эътироф этилди. 152 нафар ёшлар раҳбар лавозимларда ишлаётгани, келгусида уларнинг сони янада ортиши айтиб ўтилди.
Вазирлик тизим ташкилотларига ҳар йили олий ўқув юртларининг 500 нафар битирувчи ёшлари ишга қабул қилинмоқда. Барча тизим ташкилотларида ёшларнинг бошланғич ташкилотлари фаолият кўрсатади.
Вазир таклиф ёки мурожаат билан келган ёшларни қабул қилишга, уларни тинглашга, муаммоларини ҳал этишга ҳамиша тайёр эканлигини таъкидлади.
Тадбирда “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ректори, профессор Баҳодир Мирзаев олий ўқув юртининг стратегияси билан таништирди.
Ёшлар сўзга чиқиб, илмда, фан олимпиадаларида, спортда эришаётган натижалари ҳақида фахрланиб гапириб бердилар. Кредит олиб, тадбиркорликни йўлга қўйган, канал ва коллектор бўйларида деҳқончилик, чорвачиликни ривожлантириб, даромад олаётган сувчи ёшлар ўз тажрибаларини даврадагилар билан ўртоқлашди.
Туман ирригация бўлими бош гидрометри лавозимида ишлаётган Зуҳрахоннинг гидрометрлар сув хўжалигининг юраги ҳисобланиши, шу боис барча талаба қизларни гидрометрликни ўрганиш ва бу касбда ишлаш ҳақидаги чақириғи, айниқса, гулдурос олқишлар билан қарши олинди.
Ҳудудлардан келган ёшларнинг вакиллари вазир билан мулоқот қилиб, саволлари жавоблар олдилар.
Ахборот хизмати