Аграр соҳанинг ривожи бевосита агротехник тадбирларни ўз вақтида бажариш билан бирга қишлоқ хўжалиги экин майдонларининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, ирригация тармоқларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш, ишчи ҳолатида сақлаш, ҳосилдорликни ошириш ҳамда сув ресурслари таъминотига боғлиқ.
Сув тақчиллиги тобора сезилаётган ҳозирги пайтда воҳанинг барча туманлари маҳалла ва қишлоқларида экин ерларига борадиган ариқларни бетонлаштириш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Зеро, бундай канал ва ариқларда сув равон оқади ва асосийси, бебаҳо табиат неъмати ерга беҳуда сингиб, кўп миқдорда исроф бўлишининг олди олинади.
Бухоро туманида ички суғориш тармоқлари, ариқларни бетонлаштириш, шўр ювишга ер тайёрлаш борасида ҳам қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.Туман бўйича ички тармоқ ариқларини жорий декабрь ойида 38 км қисмини бетонлаштириш мақсад қилинган бўлиб, айни шу ойда ҳудуддаги 26 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 4,2 км ариқда тупроқ ишлари амалга оширилган.
Масалан, об-ҳаво ҳароратининг илиқ келаётганидан фойдаланган фермер хўжаликларида 150 м, мавсум бошидан буён эса қарийб 3 минг м узунликдаги ариқлар бетонлаштирилган. Ўрганишларга қараганда, “Ҳасан Беҳруз”, “Арбоб Ботир”, “Ислом Нарзиобод” фермер хўжаликларининг ҳар бирида 500 м, “Эркин Юсуф” фермер хўжалигида 200 м, “Карим Қаҳҳор” фермер хўжалигида 350 м, “Равшанбобо” фермер хўжалигида 80 м, “Қорабайир яйлови” фермер хўжалигида 1 км, “Ботир Азиз Лазиз” фермер хўжалигида 400 м, “Маъмур Мансур” ва “Юрунпоён ери” фермер хўжаликларининг жами 100 м узунликдаги ариғида бетонлаштириш ишлари ниҳоясига етказилган.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати