Қишлоқ хўжалик экинларини суғоришда инновацион технологияларни жорий этиш муҳим аҳамиятга эга. Зеро, тежамкор технологиялар, “Ақлли сув” ҳисоблагичлар эвазига мавжуд ресурслардан оқилона ва самарали фойдаланиш мумкин.
Бугунги кунда бу борадаги вазифалар давлатимиз сиёсатининг устувор вазифаларидан бирига айланган. Президентимиз раислигида 2023 йил 29 ноябрь куни қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ва йўқотишларни камайтириш чора-тадбирлари юзасидан видиоселектор йиғилишида сув хўжалигида “Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил” эълон қилинганлиги ҳам бежиз эмас, албатта.
Ўзбекистон Республикасида сув ресурсларини бошқариш ва ирригация секторини ривожлантиришнинг 2021–2023 йилларга мўлжалланган стратегиясида “Smart Water” (“Ақлли сув”) рақамли технологияси асосида сувнинг ҳисоби юритиладиган сув хўжалиги объектлари сони 18576 тагача етказилиши белгилаб қўйилган.
Ҳозирда Тошкент вилоятидаги мавжуд ирригация тармоқларининг 152 тасида “Ақлли сув” сув ҳисоблагичи ўрнатилган. Жорий йилда бу кўрсаткични беш юзтага етказиш режалаштирилган. Айни кунларда Чирчиқ-Оҳангарон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси тасарруфидаги сув хўжалиги объектларига “Ақлли сув” қурилмаларини ўрнатиш ишлари бошлаб юборилди.
– Бу ускуна ёрдамида сувнинг кунлик ҳисобини инсон омилисиз аниқ ўлчаш мумкин, – дейди Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Сардор Алимбеков. – Шу боис “Бўзсув”, “Паркент-Қорасув” ҳамда “Оҳангарон-Далварзин” ирригация тизими бошқармалари томонидан 45 тадан, Оққўрғон, Оҳангарон, Ўрта Чирчиқ, Юқори Чирчиқ ва Пискент туманлари ирригация бўлимлари ҳамда Тошкент магистрал канали бошқармаси томонидан 25 тадан, Бўстонлиқ, Зангиота, Қибрай ва Паркент туманлари ирригация бўлимлари томонидан 20 тадан объектда “Ақлли сув” ҳисоблагичлари ўрнатилади.
Чирчиқ-Оҳангарон ИТҲБ матбуот хизмати