Кейинги йилларда иқлим ўзгаришлари сабабли сув ресурслари миқдори тобора камайиб бораяпти. Лекин сув кам, деб қараб туриб ҳам бўлмайди. Чунки аҳолини сифатли қишлоқ хўжалик ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлаш шарт ва зарур. Бепоён далалар ҳамда томорқалардаги экинлар, мевали боғлар ва токзорлардан юқори ҳосил етиштириш кўп жиҳатдан сув таъминотига боғлиқ. Шундай экан, ҳар қатра сувни қадрлаб, ундан тежаб фойдаланиш ҳаётий заруратга айланмоқда.
Сурхондарё вилоятида 326 минг гектар экин майдонлари бўлиб, уларнинг 33 фоизи ёки 108,7 минг гектари Амударёдан сув олувчи «Аму-Занг-1», «Аму-Занг-2» насос станциялари агрегатлари ёрдамида чиқариб бериладиган обиҳаёт билан суғорилади. Воҳа ерларини суғориш учун ўтган йили 3350 миллион куб метр ҳажмда сув лимити ажратилганди. Мавжуд сувдан унумли фойдаланиш мақсадида ўтган йили ирригация ва мелиорация тармоқларида 32 та лойиҳа бўйича 84,6 миллиард сўмлик қурилиш, реконструкция, таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилиши натижасида 9 минг гектар майдоннинг сув таъминоти изга тушиб, 7,2 минг гектар ернинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.
Сув ресурсларини тежаш, сув сарфини инсон омилисиз доимий назорат қилиб бориш мақсадида рақамли технологияларни қўллашга етарлича эътибор қаратилаётир. Суғориш тармоқларидаги сув сарфини онлайн тарзда ўлчаш учун жами 674 дона қурилма, жумладан, 560 дона «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатилди.
Мавжуд сув ресурсларини тежашнинг энг мақбул усули бу – тежамкор технологияларни кенг майдонларда жорий этишдир. Воҳада бу борада ҳам сезиларли ўзгаришларга эришилмоқда. Ўтган йили 4635 гектар майдондаги экинлар томчилатиб суғорилди, қарийб 600 гектар далада ёмғирлатиб суғориш технологияси жорий қилинди, 16,5 минг гектар майдон лазерли технологиялар ёрдамида текисланди. Ана шу чора-тадбирлар ҳисобига вилоят қишлоқ хўжалигида 106 миллион метр куб сув тежалди.
Сув сарфини камайтиришда истеъмолчилар даласига етказиб берилаётган обиҳаётнинг аниқ ҳисоб-китобини юритиш муҳим аҳамиятга эга. Бу масалада замонавий технологиялар ирригаторларнинг ишини ҳар томонлама енгиллаштириши инобатга олиниб, 240 та сув хўжалиги объектида рақамли технологиялар жорий қилинди. «Учқизил» сув омборида сув ресурсларини бошқариш автоматлаштирилди. Йил давомида 260,1 километр узунликдаги хўжаликлараро каналлар тозаланди ва таъмирланди. Мазкур суғориш тармоқларидаги 466 та гидротехник иншоот, 444 та гидропост таъмирланди ёки янгисига алмаштирилди. Бу тадбирлар ҳам ирригаторларга сув сарфини анча камайтириш имконини яратди.
Соҳа мутасаддилари 2024 йилда ҳам обиҳаётни тежаш учун бир қатор илғор тажрибаларни ишлаб чиқаришга жорий этиш йўлида ишларни давом эттиришмоқда. Жумладан, ҳозирда хўжаликлараро каналларни тозалаш, таъмирлаш ва реконструкция қилиш ишлари авжида. Бундан ташқари, кластер ва фермер хўжаликлари ҳомийлигида ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ишлари ҳам қизғин олиб борилаяпти. Шунингдек, ғалла ўстирилаётган майдонларнинг 30 фоизида ёмғирлатиб суғориш технологияларни жорий этиш жаллаштирилмоқда. Хуллас, жорий йилда ҳам сувни тежаш, мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш чоралари кўрилмоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати