Аму-Сурхон ИТҲБ тасарруфидаги барча суғориш тармоқлари ва мелиорация объектларини тозалаш ҳамда таъмирлаш ишларида жами 64 дона, шу жумладан, 18 дона экскаватор, 7 дона бульдозер, дона ҳар хил русумли трактор, 8 дона юклагич экскаватор, бир неча тройлер, 9 дона самосвал ва бошқа механизмлардан фойдаланиб келинаётир. Ҳавза бошқармаси бўйсунувидаги 4 та техника саройида меҳнат қилаётган 130 нафар ходим-механизаторлар техника ва механизмларнинг доимий ишлаб туриши, уларни таъмирлаш-бутлаш, буюртмачилар талабини бажариш борасида бор маҳоратларини сафарбар қилишаётир. Бундан ташқари, техника жиловкорлари техника ва механизмлар ёрдамида айрим хусусий корхоналар ҳамда қурувчи ташкилотлар буюртмасини бажариб ҳам ҳавза бошқармаси ривожлантириш жамғармасига маблағ тушумини кўпайтиришга ҳисса қўшмоқда.
Ҳавза бошқармаси мажлислар залида ўтказилган кенгайтирилган йиғилишда бошқарма бошлиғи Ботир Алимов ҳар бир техника саройи раҳбарлари, экскаваторчилар, бульдозерчилар, ҳайдовчилар билан очиқчасига суҳбатлашди, уларни қийнаб келаётган муаммоларини бафуржа тинглади. Кенгаш жараёнида техникаларни тўлиқ ишлатилмаслиги сабаблари очиқланди, эҳтиёт қисмлар ва ёнилғи-мойлаш маҳсулотлар таъминотидаги узилишлар ҳақида ҳайдовчилар ва экскаваторчилар ўз фикрларини билдиришди. Кўтарилган масалалар тез кунда ҳал этилиши муҳокама қилиниб, техника саройларидаги ҳар бир техникани кўз қорачиғидек асраш, берилган топшириқларни ўз вақтида бажариш бўйича топшириқлар берилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати