Сурхондарё вилоятида 2023 йили ажратилган жами 120 966,3 миллион сўм лимит ҳисобига 45 та ирригация ва мелиорация объектларида(25 та йилдан йилга ўтувчи, 20 та янгидан бошланувчи) қуриш, реконструкция қилиш ҳамда мелиоратив тармоқларни тизимли таъмирлаш-тиклаш ишлари бажарилди ва ҳамон бу юмушлар давом эттирилмоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2022 йил 30 декабрдаги тегишли қарорига асосан жами 19 та (17 та ирригация, 2 та мелиорация) объектларга 53 938,3 миллион сўм ( хусусан, ирригация объектлари учун 49 417,5 миллион, мелиорация объектлари учун 4 520,8 миллион сўм) лимит берилган бўлиб, кенг ҳажмли ишлар уддаланиши кўзда тутилганди. Йил охиригача 46 877,2 миллион сўм ўзлаштирилиб, 6,6 километр узунликда каналлар, 2,4 километр лоток тармоқларини реконструкция қилиш ва қуриш, 20 дона суғориш қудуқларини барпо этиш, 6 дона гидротехник иншоотларни сел-тошқин сувларидан ҳимоялаш, 0,050 километр қирғоқ ҳимоя ишлари адо этилди. Жами 11 та объектда қурилиш-монтаж ишлари тўлиқ якунига етказилиб, фойдаланишга топширилиши туфайли 262 гектар ер қайта фойдаланишга киритилди. Шунингдек, 541 гектар янги боғлар бунёд қилинди ва 14524 гектар ер кафолатли сув билан таъминланди. 2024 йилда қолган объектлардаги ишларни давом эттириш белгиланган.
Режалаштирилган иккита мелиорация объектида 4 644,1 миллион сўм эвазига 10,4 километр очиқ коллектор тармоқлари ҳамда 2,5 километр ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини қуриш ва реконструкциялаш юмушлари уддаланди. Шу ҳисобда 628 гектар суғориладиган майдонларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилашга эришилди.
«Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси буюртмасига асосан, Президентимизнинг 2022 йил 25 октябрдаги тегишли қарори ижроси юзасидан пудратчи корхоналар томонидан 11 та объектда(10 та ирригация ва битта мелиорация) 28 598,8 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари уддаланди. Хусусан, 27,301 километр узунликдаги каналлар ҳамда битта гидротехник иншоот реконструкция қилинди, 4,702 километр узунликдаги коллектор-дренаж тармоқлари ҳамда 4 та насос станцияси қурилди, шунингдек, 6,056 километр узунликда босимли қувурлар ўрнатилди. Кўзда тутилган жами 11 та объектда қурилиш- монтаж ишлари тўлиқ якунланиши эвазига 4861 гектар ернинг сув таъминоти изга тушиб, 250 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланишига эришилди.
Бандихон тумани марказида яшовчи аҳоли томорқалари, фермер хўжаликларининг марказга туташ экин майдонлари, корхона ва ташкилотлар ҳудудидаги ва истироҳат боғлардаги кўп йиллик мевали ҳамда манзарали дарахтларни суғориш масаласи анчадан бери муаммо бўлиб келаётганди. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 10 апрелдаги тегишли қарорига асосан «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси буюртмаси бўйича «Эшназар Инвест» МЧЖ бунёдкорлари томонидан 5 759 миллион сўм эвазига Р-1-1 каналининг 9,2 километр қисми гидротехник иншоотлари билан тўлиқ реконструкция қилиниши туфайли Бандихон тумани марказидаги «Бандихон», «Бектепа», «Сарой» маҳаллалари ҳудудидаги 3100 гектар экин майдонлари ўзи оқар сув билан таъминланди.
Маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш чора-тадбирларига доир қарорга асосан қўшимча ажратилган маблағлар ҳисобига Бандихон туманининг «Наврўз» маҳалласи ҳудудидаги каналнинг бир километрини реконструкция қилиш, янгидан 496 метр узунликда қувур ётқизиш, бир дона иншоот барпо этиш ишлари тўлиқ якунланди.
Сурхон воҳасида Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 20 февралдаги 05-03/1-2810-сонли йиғилиш баёни ижросига кўра, ўтган йили мелиоратив тармоқларини тизимли таъмирлаш-тиклаш бўйича янгидан бошланувчи 13 та объектда 1564,4 километр узунликдаги очиқ коллектор, 322,6 километр узунликдаги ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқларини ҳамда 224 дона кузатув қудуқларини таъмирлаш-тиклаш мақсадида 32 200,0 миллион сўм ажратилганди. Йил якунланишига жами 33 338,1 миллион сўмлик ишлар бажарилиши эвазига 1368,0 километр узунликдаги очиқ коллектор, 259,8 километр узунликдаги ёпиқ-ётиқ дренаж тармоқлари ҳамда 192 дона кузатув қудуқларини таъмирлаш- тиклаш ишлари йиллик лимитга нисбатан ортиғи билан адо этилди. Умуман айтганда 9 та объектда ишлар тугатилиб, 4 та объектдаги юмушлар жорий йилда давом эттирилаётир. Ўтган йили мелиорация тармоқларида амалга оширилган ишлар натижасида вилоятнинг 24478 гектар суғориладиган ер майдонлари мелиоратив ҳолати ҳар жиҳатдан яхшиланди.
Айни пайтда вилоятнинг ирригация ва мелиорация тармоқларида ўтган йилда бажаришга улгурилмаган қурилиш-монтаж ишларини давом эттириш билан бир қаторда янги лойиҳалар бўйича юмушларни бошлашга киришилмоқда.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати