Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири томонидан 2024 йил 5 январда тасдиқланган ҳафталик семинарлар ўтказиш режа-графигига асосан Ангор тумани ирригация бўлимида семинар ташкил қилинди.
Туман ирригация бўлими ходимлари, канал бошлиқлари, мироблар, мелиоратив участка мутахассислари, сув хўжалиги махсус хизмати шуъбаси вакиллари иштирок этган семинарда сўзга чиққанлар, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 5 январдаги «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори мазмун-моҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди ва семинар иштирокчиларини қизиқтирган саволларига аниқ ва лўнда жавоб қайтарилди.
Шунингдек, семинарда тизимни олий маълумотли кадрлар билан таъминлаш бўйича вазифалар ҳақида тўхталиб, ўтган йили туман ирригация бўлимига икки нафар олий маълумотли мутахассислар ишга қабул қилингани, улар соҳада муқим ишлаб қолишлари учун маҳоратли ва етакчи мутахассислар амалий ёрдам бериб, тажрибаларни ўргатишлари, ирригация бўлими раҳбарияти ёш кадрларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун ҳар томонлама рағбатлантириш чораларини кўриш юзасидан тавсиялар берилди.
Бандан ташқари, семинар давомида кейинги йилларда сув хўжалиги соҳасида қабул қилинган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, жумладан, президентнинг янги қарорида белгиланган вазифалар, ирригаторлар томонидан фермер хўжаликлари ва бошқа сув истеъмолчиларига сув етказиб бериш бўйича тузилган шартномалар ҳаракати, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун бериладиган субсидияларни ажратиш тартиби, кредитлар олиш усуллари хусусида батафсил маълумот берилди.
Сув хўжалиги вазирлиги, вилоят ва туман ҳокимликларидан келаётган буйруқлар, фармойишлар, топшириқлар ҳамда фуқаролар мурожаатлари бўйича бажарилаётган ишлар юзасидан ютуқ ва камчиликлар ҳақида тўхталиб ўтилди ҳамда ҳужжатлар билан ишлашда «Edo.ijro.uz.» дастуридан фойдаланиши зарурлиги таъкидланди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати