Президентимиз 2023 йил 16–17 ноябрь кунлари Сурхондарё вилоятига ташриф чоғи қишлоқ хўжалигида сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш ҳамда йўқотишларни камайтириш ҳақида ҳам фикр билдириб, воҳа ҳудудидаги 47 та йирик каналларнинг асосий қисми тупроқ ўзанли эканлиги туфайли ушбу суғориш тармоқлари орқали истеъмолчилар далаларига етказиб берилаётган обиҳаётнинг ер остига сингиб кетиши ва жануб қуёши тафтида буғланиши натижасида 35 фоизи йўқотилаётгани, шу боис барча каналларни бетонлаштириш лозимлиги бўйича мутасаддиларга топшириқ берганди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш бўйича вилоятда йирик каналларнинг тупроқ ўзанли қисмларини бетонлаштириш ишларига киришилди. Қурилиш бошланган объектлардан бири – Узун тумани ҳудудидан оқиб ўтувчи «Файзова» каналидир. Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 21 декабрдаги тегишли қарорига кўра, республика бюджетидан ажратилган 17 миллиард 800 миллион сўм эвазига каналнинг 31,3 километр қисми реконструкция қилинади. Буюртмачи ташкилот – «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси канал реконструкциясига асосий пудратчи этиб тажрибали қурувчи Эшназар Муқимов раҳбарлигидаги «Эшназар Инвест» МЧЖни танлади. Корхона бунёдкорлари йилнинг дастлабки кунларидан канални бетонлаштиришга киришдилар. Қурувчилар реконструкция жараёнида каналдаги 75 дона гидротехник иншоотларни таъмирлайди ва бир қисмини янгисига алмаштиради, шунингдек, 3 дона «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиб, вазирлик серверига интеграция қилишади.
Сурхондарё дарёсидан сув олувчи «Файзова» каналида реконструкция ишлари якунига етказилгач, суғориш тармоғининг РК-00 дан РК-32-00 гача бўлган қисмида сув ўтказиш қуввати секундига 10 минг метр кубга, РК-32+00 дан пастки қисмининг сув ўтказиш қуввати секундига 6 минг метр кубга етади.
Шуни айтиш керакки, «Файзова» канали вилоятдаги йирик суғориш тармоқларидан бири ҳисобланиб, канал орқали Узун туманининг 4617, Шўрчи туманининг 283 ва Денов туманининг 300, жами 5200 гектар экин майдонлари ҳамда аҳоли томорқалари сув билан таъминланади.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати