Жорий йилнинг 11 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлигида суғориш тармоқларида сув йўқотишларини кескин камайтириш мақсадида “Каналларни бетонлаш бўйича долзарб йил”да амалга ошириладиган вазифаларга бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди. Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон экологик партияси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда соҳа мутахассислари, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Матбуот анжуманида таъкидландики, мамлакатимизда фойдаланиладиган сув ресурсларининг 80 фоизидан ортиғи қўшни давлатлар – Тожикистон ва Қирғиз Республикаси ҳудудидаги тоғлардаги музликлар, қолган қисми эса ички манбалар ҳисобидан шаклланади. Глобал иқлим ўзгаришлари оқибатида сув манбалари йил сайин камайиб бормоқда. Буларнинг таъсирида 2030 йилга бориб юртимиздаги сув танқислиги 15 миллиард куб метрдан ортиши прогноз қилинаяпти.
Шу боис Президентимиз томонидан “Каналларни бетонлаш бўйича долзарб йил” эълон қилиниб, вазирлик тизимида сувни тежаш бўйича фавқулодда иш тизимига ўтилиши белгиланди. Минтақамизда сув ресурслари сил сайин камайиб, унинг тақчиллиги кучайиб бормоқда. Бундай шароитда сувдан фойдаланиш маданиятини ўзгартириш тежамкор усулларни қўллаш ҳаётий зарурат қисобланади.
Бу борадаги вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2024 йилда Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги ташкилотлар ҳисобидаги 1 минг 500 километр, яъни 2023 йилга нисбатан 4 баробар кўп магистрал ва хўжаликлараро каналларни бетонлаш ҳамда 2025 йилда камида 2 минг километр каналларни бетонлаш вазифаси белгилаб олинди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасида 10 та лойиҳа доирасида 119,3, Қашқадарё вилоятида 9 та лойиҳа доирасида 90,1, Сирдарё вилоятида 9 та лойиҳа доирасида 86,3, Жиззах вилоятида 8 та лойиҳа доирасида 90,1 км узунликдаги каналлар давлат бюджети ҳисобидан бетонлаштирилади.
Бу борадаги тадбирларни амалга ошириш учун Ҳукуматнинг тегишли қарори қабул қилиниб, тизимдаги ташкилотлар ҳисобидаги бетонлаш ишлари амалга ошириладиган каналларнинг манзилли рўйхатлари тасдиқланган. Мазкур қарор билан Сув хўжалигида “фавқулодда ишлаш тизими”ни ташкил қилиш бўйича доимий фаолият кўрсатадиган Республика ва Ҳудудий штаблар ташкил этилди.
Матбуот анжумани давомида куни кеча UZDIPLOMAT.UZ сайтида “Президент топшириғи республика бўйлаб нотўғри амалга оширилмоқда” номли сарлавҳа билан эълон қилинган мақолада “Сувни тежаш мақсадида бетонланиши буюрилган ариқларни масъуллар дарахтлари билан бирга бетонлаб юборяпти” дея келтирилганлиги юзасидан масалалар атрофлича кўриб чиқилди.
Мазкур мақолада кўрсатиб ўтилган ҳолатларга айрим жойларда, асосан, кластер ва фермер хўжаликларининг ички ариқ ва суғориш тармоқларида кузатилаётганлиги ачинарли ҳолат бўлиб, келгусида бу каби ҳолатларни олдини олиш учун жойларда вазирлик томонидан маҳаллий ҳокимият органлари билан ҳамкорликда амалий семинарлар ташкил этилади ва бетонлаш ишларини бажараётган ҳашарчиларга зарурий тавсия ва кўрсатмалар бериб борилади.
Бу каби ҳолатлар юзасидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳамда Ўзбекистон экологик партияси мутасаддилари ўз фикр мулоҳазаларини билдирдилар.
Анжуманда таъкидландики, Президентимиз ташаббуси билан жорий этилган “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сув хўжалиги тизимида ҳам кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2023 йилнинг кузида сув хўжалиги объектларининг қирғоқлари ва қирғоқбўйи ҳудудларида 1,5 млн. туп кўчат экиш белгиланган бўлиб, амалда қарийб 2,1 млн. туп турли мевали ва манзарали кўчатлар ўтқазилди. Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманининг тоғ ва тоғолди ҳудудларида вазирлик учун ажратилган 42 гектар майдондаги “Сувчилар боғи”га 21,5 минг туп дарахт кўчатлари ўтқазилди.
Вазирлик тизимидаги ташкилотлар томонидан жорий йилнинг баҳори ва кузида кўчат экиш ишлари давом эттирилади.
Вазирлик раҳбарияти томонидан жойларда ариқ ва каналларни бетонлаш жараёнида дарахтларга зарар етказмаслик, акс ҳолда тегишли тартибда чора кўрилиши, нобуд бўладиган ҳар бир туп дарахт учун 100 тупдан кўчат ўтқазишни ташкил этиш топшириғи берилган. Ушбу дарахтларнинг ривожланиши сув хўжалигининг барча ходимлари, кенг жамоатчилик, мутасадди вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда назорат қилиб борилади.
Матбуот анжумани якунида журналистларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб қайтарилди.
Ахборот хизмати