Бугун Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Б.Жузбаев, вазирликдан республикага бириктирилган вакил Н.Атакулов ва бошқа масъуллар Тўрткўл туманида канал ва ариқларни бетонлаш ишларининг бориши ва соҳадаги куз-қиш мавсумида амалга оширилаётган ишларни жойига бориб ўрганишди.
Масъуллар дастлаб “Қўшназар пахтакор” фермер хўжалигининг ички ариқларида олиб борилаётган бетонлаш ишлари билан танишди.
Сув хўжалиги масъуллари ҳудуддаги сувчилар ва фермер хўжалиги раҳбарлари билан учрашиб, ариқларни бетонлаш ишларини жадаллаштириш, шўр ювиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш, бетонлаш ишлари олиб борилмаётган канал ва ариқларни тозалаш бўйича топшириқлар беришди. Бу ишларни амалга ошириш ҳар бир ҳудудда ҳашарлар ташкил қилиш ва ишчиларга қулай шароитлар яратиб бериш бўйича кўрсатмалар берилди.
Шунингдек, бугун ушбу ҳашарда иштирок этаётганларга раҳмат айтиб, ишчилар сафини кенгайтириш, бунинг учун кластер ва фермерларимиз, ҳудуддаги масъуллар уларга зарур шарт-шароитларни яратиб беришлари лозимлига айтиб ўтилди.
Бугун тумандаги “Қўшназар пахтакор” фермер хўжалиги ариқларини бетонлаш ва тозалаш ишларига юз нафарга яқин ишчилар жам бўлишди. Ҳашарчиларга дошқозонда ош дамланди.
Сув хўжалиги масъуллари тумандаги бошқа ҳудудларидаги сув тармоқларининг шўр ювиш мавсумига тайёргарлигини ҳам ўрганишди. Бу борада ички ариқларнинг механизм ва қўл кучи ёрдамида тозалаш тадбирларини уюшқоқлик билан ташкил қилиш бўйича масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
МАВЗУ ЮЗАСИДАН ИККИ ОҒИЗ ГАП:
Шу ўринда туманларга чиққанимизда кўрган ва билганларимиздан келиб чиқиб, мавзу юзасидан икки оғиз гап айтиб ўтишни жоиз топдик.
Халқимизда сув келтирган элда азиз, деган ҳикматли нақл бор. Бугунги куннинг долзарб вазифаларидан келиб чиқиб, фидойи сувчиларимиз келаётган сувнинг йўқотишларини камайтириш бўйича бошланган фавқулодда ишлардан саналган бетонлаш ишларига беминнат ҳисса қўшаётир. Қайси ҳудудни қараманг, у кластер ёки фермерларнинг ички ариқлари бўладими ҳуддудаги сувчилардан иборат ҳашарчилар бетонлаш ишларида асосий ишчи кучларига айланган...
Зар қадрини заргар билади, деганларидек, исроф бўладиган сув қадрини ҳам сувчилар яхши англайди. Лекин бу – мазкур ишлар фақат сувчиларнинг зиммасидаги вазифа дегани эмас. Демоқчимизки, мамлакатимизда эълон қилинган “Каналларни бетонлаш бўйича зарбдор йил”да амалга оширилаётган тадбирларга кластер, фермер хўжалиги, бир сўз билан айтганда барча сув истеъмолчилари ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшмоғи зарур.
Негаки, қилинаётган ишларнинг самараси аввало, ҳудуддаги сув истеъмолчилар манфаатига хизмат қилади, уларга етиб келаётган сувларнинг йўқотилиши камаяди. Натижада сувдан самарали фойдаланиш, мўл ҳосил етиштириш имконияти ортади. Эътиборлиси, бу ишлардан бутун халқимизнинг дастурхони тўкинлигини таъминлашга замин яратилади.
Ғ.Отажонов,
Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги матбуот котиби