Жиззахда сув хўжалиги объектларида қурилиш ишларининг боришига бағишланган штаб йиғилиши ўтказилди. Вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари О.Ашурматов, вилоят прокурори ўринбосари М.Хўжамқулов, тегишли ташкилотлар раҳбарлари, сув хўжалиги объектлари ва иншоотларини қуриш ҳамда таъмирлашга масъул пудратчи ташкилотлар раҳбарлари иштирок этган тадбирда, каналлар ва ариқларни бетонлаш борасида амалга оширилаёттган ишларнинг бориши таҳлил қилинди.
Штаб йиғилишида вилоятдаги йирик лойиҳалардан бири – ДМ-1 каналини бетонлаш ишларининг боришига алоҳида эътибор қаратилди. Объектни қисқа вақт – вегетация мавсуми бошлангунича фойдаланишга топшириш учун барча имконият ва кучларни ишга солиш зарурлиги уқтирилди.
Мазкур объектдаги ишлар “Жиззахсувқурилишинвест” ДМ буюртмаси асосида бош пудратчи ташкилот – “To‘palang HPD Holding” МЧЖ томонидан олиб бориляпти. Ушбу ташкилот умумий узундиги 68 километр бўлган каналнинг 14,7 километрни бетонлашни зиммасига олган.
Айни кунларда бу ерда параллел тарзда лойиҳа-қидирув ишлари ҳамда бетонлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунгача каналнинг 1,1 километр қисмида тупроқ ишлари бажарилиб, 320 метрни бетонлаш ишлари якунига етказилди.
Объектдаги ишларда 7 дона экскаватор, 2 дона бульдозер, 7 дона автосомосвал, 8 дона бошқа махсус техника ва 40 нафар ишчи-ходим иштирок этяпти.
Режадаги ишлар амалга ошганидан кейин Зарбдор, Пахтакор ва Ш.Рашидов туманлари ҳудудидаги 35 минг 237 гектар экин майдонининг сув таъминоти яхшиланади.
Сирдарё-Зарафшон ИТҲБ матбуот хизмати