Жорий йилда Сурхондарё вилоятидаги 14 та ирригация ҳамда 2 та мелиорация объектларида қарийб 90 миллиард сўмлик қуриш ва реконструкция қилиш ишларини бажариш режалаштирилган.
Жумладан, Олтинсой туманидаги “Хидиршо” каналининг ПК-0+00 дан ПК-22+40 гача қисмини иншоотлари билан биргаликда реконструкция қилиш ишлари жадал давом эттирилмоқда. Қурилиш-монтаж ишлари ҳолатини ўрганиш ва уддаланаётган ишлар сифатини кузатиш мақсадида шу объектда «Сурхондарёсувқурилишинвест» давлат муассасаси томонидан семинар ташкил қилинди. Унда соҳа мутасаддилари, лойиҳачи ташкилот вакиллари, қурилиш соҳасида ҳудудий назорат қилиш инспекцияси мутахассислари, пудратчи ташкилот ходимлари қатнашди.
Семинарда таъкидланганидек, ушбу лойиҳа бўйича “Хидиршо” каналининг 1,850 километр қисми гидротехник иншоотлари билан биргаликда реконструкция қилинади, Хўжайипок дарёсининг 0,535 километр қисми қирғоғи мустаҳкамланади, мавжуд 1 дона сув ташлаш иншооти реконструкция қилинади ва бир дона “Ақлли сув” қурилмаси ўрнатилади. Объектда “Сурхон Насос Ирригатор” МЧЖ бунёдкорлари то март ойи якунигача 3 миллиард 833,6 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишларини бажариши режалаштирилган.
Семинарда масъул мутахассисларга иш сифатига алоҳида эътибор бериш, қурувчининг ҳар кунлик бажарилган ишини назоратчилар қатъий назорат қилиб бориши бўйича топшириқлар берилди. Шунингдек, объектда меҳнат қилаётган механизаторлар учун уйча барпо этиб, ишчи ва механизаторларнинг дам олиши ҳамда овқатланиши учун қулай шароитлар яратиш, объектга тегишли бўлган иш журналларини юритиш, уйчада қурилиш паспорти, лойиҳа-смета ҳужжатлари кўзга ташланадиган жойда илинишини ташкил қилиш тавсия қилинди. Объектдаги ишлар ўта муҳимлиги айтилиб, уни белгиланган муддатда топшириш учун пудратчи ташкилот раҳбару мутахассислари шахсан жавоб бериши, ҳар хил важлар билан ишни чўзмасдан, ажратилган маблағлардан мақсадли ва самарали фойдаланиш зарурлиги уқтирилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати