Олтинсой тумани ирригация бўлимида Аму-Сурхон ИТҲБ тизимидаги барча ташкилотларнинг бош ҳисобчилари иштирокида ўтказилган семинарда сув хўжалигини молиялаштириш ҳамда ташкилотларнинг ривожлантириш жамғармаларига маблағ тушириш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳисобчиларга бюджет маблағларини, хусусан, 4-гуруҳ харажатлари учун ажратилган маблағни мақсадли ва самарали ишлатиш топшириғи берилди. Январь ойи тугашига саноқли кунлар қолганига қарамай, Шўрчи, Ангор, Қумқўрғон, Шеробод, Олтинсой, Бандихон туманлари ирригация бўлимлари томонидан электр энергияси истеъмоли ва бошқа харажатлар учун ажратилган бюджет маблағларининг 30–40 фоизи ўзлаштирилмай тургани танқид қилиниб, масъулларга уч кун ичида бу масалани ижобий ҳал қилиш тавсия қилинди.
Ўтган ҳафта ўтказилган семинарда ҳар бир тизим ташкилотлари ҳисобчиларига ривожлантириш жамғармасига маблағ тушириш топшириғи берилганди. Фақат Ангор, Шеробод туманлари ирригация бўлимлари ҳамда «Сурхон-Шеробод» ирригация тизими бошқармаси мутахассислари саъй-ҳаракати билан жами 14 миллион сўм туширилгани, қолган туманлар ирригация бўлимлари ва тизим ташкилотлари ривожлантириш жамғармасига пул туширмагани сабаблари ҳисобчилардан сўралди ҳамда бир ҳафта муддатда маблағ тушумини кўпайтириш топшириғи берилди.
Семинарда Денов, Қумқўрғон туманлари ирригация бўлимлари томонидан саноат ва энергетика объектларига етказиб бериладиган техник сув бўйича шартномалар ҳанузгача тузилмагани танқид қилиниб, ҳисобчиларга бир ҳафта орасида муаммони ижобий ҳал қилиш тавсия қилинди. Шунингдек, тегишли ташкилотларга техник сув етказиб беришдан тушадиган маблағни сарфлашда бу йилдан янгича тартиб ўрнатилаётгани, яъни тушган маблағнинг 60 фоизи сув хўжалиги вазирлиги ҳисоб рақамига, 10 фоизи ирригация бўлими хазинасига ҳамда 40 фоизи солиқ идораларига узоғи билан икки иш куни орасида ўтказиб берилиши шартлиги, акс ҳолда жарима қўлланилиши тушунтирилди.
Семинар жараёнида ўтган йили барча тизим ташкилотлари суғориш тармоқларига ўрнатилган «Ақлли сув» қурилмаларининг бугунги ҳолати таҳлил қилинди. Маълум бўлишича, ўтган йилнинг охирги ойларида республика бюджетидан ажратилган катта маблағ эвазига барча туман ирригация бўлимлари ҳамда тизим ташкилотлари пудратчи корхоналар билан шартнома тузиб, балансларидаги канал, шоҳариқ ва бошқа суғориш тармоқларига «Ақлли сув» қурилмалари ўрнатган. Бир неча туманлар ирригация бўлимлари томонидан ҳисоб рақамига пулни кўчириб олган пудратчилар қурилмани ўрнатишгану, кўп ишлари чала. Масалан, Денов тумани ирригация бўлими ва «Тўпаланг-Қоратоғ» ирригация тизим бошқармаси балансидаги суғориш тармоқларига ўрнатилган қурилмалар сим карталари жойлаштирилмаган ва сув хўжалиги вазирлиги серверига интеграция қилинмаган. Семинарда «қурилмаларни ўрнатиш учун ажратилган маблағ давлатники, демакки халқники, шунинг учун тизим ташкилотлари раҳбару ҳисобчилари бепарво, агар пул ўз чўнтакларидан сарфланганда эди, пудратчи корхона мутахассисларидан қурилмаларни сифатли ўрнатиш ва тўлиқ ишлатишни талаб қилишарди», маблағ бюджетдан берилгани учун давлатнинг канали учун ажратилгандида, деган муносабатда иш тутилгани учун барча қурилмалардан маълумотлар тўлиқ узатилмаяпти, қатор туманларда «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатишда охирига етказилмаган чала ишлар кўплиги танқид қилиниб, ҳисобчиларга пудратчи ташкилотлар мутахассисларини топиб келиб, ўрнатилган қурилмаларни суғориш мавсумигача тўлақонли ишлашини таъминлаш вазифаси юклатилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати