Бугун Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев илм аҳли билан учрашди. Учрашувда Ўзбекистон Фанлар академияси Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори, профессор Карим Султонов, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” Миллий тадқиқот университети кафедра мудири, академик Мирзиёд Мирсаидов, вазирлик ҳузуридаги Ирригация ва сув муаммолари илмий-тадқиқот институтининг профессор ва тадқиқотчилари, вазирлик масъул ходимлари қатнашди.
– Президентимизнинг Хитойга давлат ташрифи доирасида биз ҳам ушбу мамлакатда бўлдик. Тараққиётнинг юқори чўққиларини эгаллаётган Хитой барча ютуқларга илм билан эришмоқда, – деди вазир ўз сўзида. – Сув хўжалиги соҳасини олиб қарайдиган бўлсак, йирик иншоотлар хавфсизлигини таъминлаш, шўр ерларни ювишга сув сарфламасдан туриб мўл ҳосил олишни улардан ўргансак, тажриба алмашсак арзийди.
Профессор К.Султонов мамлакатимизда очиқ суғориш тармоқларидан фойдаланилиши, ёз мавсумида уларда кўп миқдорда сув буғланиб кетишини мисол қилиб, ер остидан қувур орқали суғориш тармоқларини ўтказиш бўйича экспремент ва тадқиқотлар олиб боришга эътибор қаратиш зарурлигини таъкидлади. Шунингдек, сув омборлари ва тўғонларнинг хавфсизлигини лойиҳалаштиришда ҳисоб-китоб услублари эскирганлиги, янги қурилма ва ускуналардан фойдаланиб, бу борада қилиниши керак бўлган ишлар борлигини эътироф этди.
– Гидротехник иншоотларнинг сейсмик мустаҳкамлиги бўйича жаҳон илм-фанида ўз ўрнимиз бор, – деди академик М.Мирсаидов. – Кафедрамиз томонидан бу борада янги тадқиқотлар олиб борилаяпти. Уларни ишлаб чиқаришга татбиқ этиш, энг самарали усуллардан фойдаланишга ўтиш учун вазирлик билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш зарур.
Учрашувда соҳага доир янги илмий лойиҳаларни кўпайтириш, уларнинг молиявий таъминотини ҳал қилиш, бажарилаётган илмий тадқиқотларда сифатга эътибор қаратиш, ёш олимларга шароитлар яратиш масалалари муҳокама қилинди.
Илм билан ишлаб чиқариш уйғунлашса натижа юқори бўлиши якдиллик билан эътироф этилди.
Вазирлик марказий аппаратининг ҳар ойни охирги душанба куни ўтказиладиган йиғилишида илм-фан масаласини кўриб чиқишга келишиб олинди.
Илм, илм ва яна бир карра илм. Илмни ривожлантириш, тадқиқотчи ва олимларга кенг йўл очиш, уларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш зарурлиги бугунги учрашувнинг якуний хулосаси бўлди.
Ахборот хизмати