Аму-Бухоро ирригация тизимлари ҳавза бошқармасида ўтган навбатдаги cеминарда воҳа сув хўжалиги тизимининг истиқболини белгилайдиган бир қатор масалалар муҳокама этилди. Жумладан, “Ўзбекистон–2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури тўғрисидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони лойиҳаси юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Бундан ташқари, бошқарма ва унинг тасарруфидаги ташкилотларга замонавий билим ва кўникмага эга бўлган олий маълумотли кадрларни жалб қилиш, уларнинг ҳуқуқий билим ва касбий малакаларини ошириш, соҳада амлага оширилаётган ишларнинг тарғиботини самарали йўлга қўйиш каби масалалар кўриб чиқилди.
Қайд этилганидек, сув хўжалиги соҳаси учун кадрлар тайёрлайдиган олий ўқув юртлари билан яқин ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва бу олийгоҳларнинг битирувчиларини бошқармага қарашли ташкилотларига ишга жойлаштириш ҳамда уларга етарли меҳнат шароитларини яратиб бериш, истиқболдаги режаларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади.
Соҳада амалга оширилаётган ишлар, жумладан, сув ресурсларидан тежамкорлик асосида фойдаланиш, истеъмолчилар билан шартномалар тузиш ва сувнинг аниқ ҳисоб-китоб юритиш тизими мутахассисларнинг хуқуқий билимларини ҳам оширишни талаб этаётир. Бунда бошқарманинг расмий веб сайтини яратиш, ижтимоий тармоқлардаги саҳифалари орқали қонуний хужжатлар мазмун-моҳиятини, ходимларни қизиқтирадиган мавзудаги материалларни мунтазам ёритиш зарурлиги таъкидланди.
Йиғилишда кўрилган бошқа масалалар юзасидан масъул раҳбарлар ва мутахассисларга тегишли топшириқлар берилди.
Аму-Бухоро ИТҲБ матбуот хизмати