Мирзаобод туманида ирригация-мелиорация объектларини қуриш ва реконструксия қилиш ҳамда таъмирлаш-тиклаш, ерларни мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиоратив объектлар кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш ишларига бағишланган семинар ўтказилди.
Унда тумандаги ВС-7 хўжаликлараро коллекторини тизимли таъмирлаш-тиклаш, шўр ювиш, ҳудуддаги мавжуд коллекторлар, уларни кадастр паспорти билан боғлиқ долзарб ва муҳим вазифалар тўғрисида сўз юритилди. Шунингдек, йилдан йилга ўтувчи объект ҳисобланган ВС-7 хўжаликлараро коллекторида таъмирлаш-тиклаш ишларини амалга ошираётган пудратчи ташкилот – “Шоҳрух-Демирбек” МЧЖ томонидан олиб борилаётган ишлар таҳлил этилди.
– Мазкур объектда таъмирлаш ва тиклаш ишлари ниҳоясига етказилгач, туман ҳудудидаги 470 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати яхшиланиб, сизот сувлар сатҳи 2 метргача бўлган майдонлар 70 гектарга камаяди, 220 гектар майдоннинг мелиоратив ҳолати барқарорлашади, – деди Қуйи Сирдарё ИТҲБ бош мутахассиси Илҳом Солибоев. – Қолаверса, туман ҳудудидаги ўртача шўрланган 8500 гектар майдонда шўр ювиш ишлари ўтказилгач, мелиоратив ҳолати яхшиланиб, унумдорлиги ошади.
Қуйи Сирдарё ИТҲБ матбуот хизмати