Водийнинг қоқ ўртасида жойлашган Марказий Фарғона чўлининг катта бўлагини халқ “Сарсонқум” деб номлаган. Айни шу ҳудуд Қўқон шамолининг йўли ҳисобланади.
Улуғнор туманидаги “Андижон” массиви ҳам шу ҳудудда жойлашган. Ушбу жойни ўзлаштиришнинг бошланиши ўтган асрнинг 70-йилларига тўғри келади. Учар қумлар макони бўлмиш мазкур массивни босқичма-босқич ўзлаштириш ва дехқончилик маданияти шаклланишида сув хўжалиги ходимларининг хизматлари беқиёс даражада бўлган десак асло муболаға бўлмайди.
3,5 минг гектар майдонни суғориш тизими билан таъминлаш даражаси юқори эканлиги туфайли пахтачилик, ғаллачилик, чорвачилик ривож топмоқда. Боғдорчилик, сабзавотчилик ҳамда полиз экинлари парвариши юксалмоқда.
Сўнгги йилларда суғориш тизими билан боғлиқ муаммолар юзага келиши оқибатида ердан фойдаланишда эътиборсизликнинг юзага келганлиги ҳам ҳақиқат.
Сув хўжалиги вазири ўринбосари Д.Ходжиахмедов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Улуғнорда ҳам бўлишди ва зикр этилган хато ва камчиликларга эътибор қаратишди. Шу кунларда “Улуғнордавсувмахсуспудрат” МЧЖ жамоаси томонидан суғориш тармоқларини янгилаш ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Корхона раҳбари Наврўз Акрамовнинг айтишича, жорий йилда “Андижон” ва М.Иминов номли массивларда ички ариқлар ва бошқа суғориш тармоқлари капитал даражада тикланади ва таъмирланади.
Бунинг учун давлат бюджетидан 3 миллиард 800 миллион сўм маблағ ажратилган. Андижон сув қурилиш инвест давлат муассасаси мутахассислари томонидан қурилиш-монтаж ишлари қатъий назоратга олинган.
Норин-Қорадарё ИТҲБ матбуот хизмати