Сув таъминоти энг мураккаб ҳудудлардан бўлган Қашқадарё вилоятида 9 та лойиҳа доирасида 90 км каналларни реконструкция қилиш учун давлат бюджетидан 100 миллиард сўм маблағ ажратилиб, Косон туманидаги Р-26, Р-24, Чироқчи туманидаги “Давр”, Кўкдала туманидаги “Араббанди” ва Касби туманидаги “Денов-Новқат” каналлари реконструкция қилинаяпти.
Каналдан фойдаланувчи (эксплуатация), буюртмачи, лойиҳачи, пудратчи ва бошқа манфаатдор ташкилотлар билан биргаликда лойиҳаолди бирламчи ҳужжатлар, нуқсон далолатномалар тайёрланиб, энг мақбул ечимларга таяниб, каналларнинг эски яроқли қисми сақланган ҳолда қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Яроқсиз қисмлари тўлиқ бузилиб, лойиҳа асосида бетонлаштирилаяпти.
“GENERALISSIMUS” каналидаги материалда келтирилган “вилоятда 70% тупроқ ўзанли каналлар мавжуд бўлсада, мустаҳкам ва ишлаб турган бетон каналлар бузиб ташланмоқда, ўрнига сифатсиз, кичик ҳажмдаги канал бетонлаштирилмоқда” деган фикр ҳолатни чуқур ўрганмаган ҳолда ёритилган. Мурожаат муаллифи каналларни бетонлаш бўйича штабга мурожаат қиладиган бўлса, мутахассислар томонидан батафсил маълумот берилади.
Сабаби, мавжуд бетон қопламали каналлардан узоқ йиллар давомида фойдаланиб келинаётганлиги туфайли айрим жойлари яроқсиз ҳолга келган, катта ўлчамдаги ёриқлар ҳосил бўлган, синган ва чўккан, бетон қопламалар ювилиб кетган ва жарликлар бўлган қисмларидаги бетонлар олиб ташланиб, ўрнига янги бетон ётқизиш бўйича лойиҳавий ечимлар қабул қилинган.
Содда қилиб айтганда, каналларнинг ўпирилган, сув исроф бўладиган қисмлари таъмирланаяпти. Бетони мустаҳкам жойлари сақлаб қолинмоқда.
Каналларда бажариладиган қазиш ва бетон ишлари лойиҳа-қидирув ишлари натижалари бўйича танланган лойиҳавий ечимларга асосланган ҳолда амалга оширилмоқда.
Қурилиш-монтаж ишлари бажарилиши устидан, буюртмачи – “Қашқадарёсувқурилишинвест” давлат муассасасининг техник назорати, лойиҳачи ташкилотнинг муаллифлик назорати ўрнатилган, шунингдек, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлигининг Қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси рўйхатидан ўтказилиб, лойиҳа ҳужжатларига мувофиқ сифат назорати олиб борилмоқда.
Сув йўқотишларини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаш сувчилар кўп йиллардан буён орзиқиб кутаётган тадбир эди. Улар Давлат раҳбарининг бу борадаги ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, фидойилик билан кенг кўламли ҳаракатларга астойдил киришган.
Шунингдек, жойларда кластер ташкилотлари ва фермерлар ҳам ҳашар йўли билан режадагидан кўпроқ ички канал ва ариқларни бетонлашга, сувни асрашга ҳисса қўшмоқда.
Канал ва ариқларни бетонлаш ишларининг сифати билан боғлиқ камчиликлар, суғориш тармоқлари атрофидаги дарахтларнинг ҳолати ҳақида жамоатчилик вакилларида фикрлар уйғонса, вазирлик штабига мурожаат этсалар, уларнинг барча саволларига жавоб берилади.
Д.Ходжиахмедов,
Сув хўжалиги вазири ўринбосари