Жорий йилнинг 27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги ва Япония Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирлиги ҳамкорлигида “Тўғонларни ривожлантириш ва бошқариш (рақамлаштиришни тарғиб қилиш)” мавзуида қўшма илмий-амалий семинар ташкил этилди.
Тадбир Тошкент давлат техника унверситети биносида жойлашган Ўзбекистон-Япония ёшлар инновaция марказида ўтказилди. Унда тегишли вазирлик ва идоралар масъуллари, соҳа олим ва мутахассислари, Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси, JICA (Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, Япониянинг қатор компаниялари вакиллари, талабалар иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири ўринбосари Дилшоджон Ходжиахмедов, Япониянинг Ер, инфратузилма, транспорт ва туризм вазирининг халқаро лойиҳалар бўйича ўринбосари Сеиичи Онодера ва бошқалар сўзга чиқиб, кейинги йилларда ўзбек ва япон халқлари ўртасидаги ўзаро манфаатли алоқалар тобора ривожланиб бораётганлигини таъкидлади. Жумладан, сув хўжалиги соҳасида қатор лойиҳалар доирасида табиий офатларнинг олдини олиш ва сифатли инфратузилмалар билан таъминлаш бўйича яқин ҳамкорлик алоқалар йўлга қўйилган.
Қўшма илмий-амалий семинарда ўзбек ва япон олимларининг ҳам фавқулодда вазиятларнинг олдини олишни кучайтириш, тўғонларнинг зилзилаларга чидамлигини таъминлаш, тўғонларни бошқариш ва рақамлаштириш ва тўғонлардан сувни қуйи оқимдаги аҳолига хавфсиз чиқариш (огоҳлантириш тизимлари) каби йўналишлардаги маърузалари тингланди.
– Ушбу илмий-амалий семинар тўғонлар хавфсизлиги соҳасида японияликларнинг илғор тажрибасини ўрганиш ва замонавий технологияларни жалб этиш ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйишимизда асқотади, албатта, – дейди Сув хўжалиги объектлари хавфсизлигини ва сувдан фойдаланишни назорат қилиш инспекцияси бошлиғи ўринбосари З.Ирисбоев. – Япониялик ҳамкорлар томонидан тўғонларнинг хавфсизлигини текшириш ва таъминлаш, сув омборларида чўкиндиларга қарши курашнинг илғор усуллари бўйича тақдимотлари мутахассисларимизда катта қизиқиш уйғотди.
Семинар доирасида 10 яқин Ўзбекистон ва Япония компаниялари ўртасида бизнес учрашувлар ўтказилди.
Ахборот хизмати