Сариосиё ва Узун туманларидаги суғориладиган экин майдонларини обиҳаёт билан таъминлаш охирги ўн йилликларда долзарб муаммолардан бири бўлиб қолаяпти. Сариосиё туманидаги 6662, Узун туманидаги 3062, ҳар икки туманга қарашли жами 9724 гектар ер азалдан Ҳисор тизма тоғларида ёғадиган қор, ёмғир сувларидан шаклланадиган «Обизаранг» дарёси суви ҳисобига суғориб келинган.
Мутахассисларнинг маълумотларига қараганда, баҳор ойларида «Обизаранг» дарёсида секундига 185 метр куб сув оқади ва ёзда сув сатҳи секундига 0,4-08 метр кубгача пасайиб кетиши натижасида айни экинларнинг суғориш мавсумида бу майдонлар «Шодмонқозоқ», «Даюб-1», «Даюб-2» каналлари орқали суғориб келинади. Сариосиё ва Узун туманлари ирригаторларининг айтишича, ушбу каналларда бугунги кунда сув сатҳи кескин пасайган.
Президентимизнинг Сурхондарё вилоятига ташриф чоғида берилган топшириқлари асосида Сариосиё тумани ҳудудида сув сиғими 13 миллион метр кубни ташкил қиладиган «Обизаранг» сел сув омборини қуриш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳада сел сув омбори ҳамда секундига 98 метр куб сув чиқариш ва секундига 100 метр куб фавқулодда сув чиқариш иншоотлари, узунлиги 250 метр, баландлиги 87,5 метр тўғон, турар-жой ҳамда диспетчерлик биноларини қуриш, 2 километр узунликда янги йўл барпо этиш, 12 километр узунликдаги мавжуд йўлни реконструкция қилиш белгиланган. Ушбу лойиҳа Осиё тараққиёт банки маблағига молиялаштирилиши кўзда тутилган. Шу муносабат билан Осиё тараққиёт банкининг «Амударё дарёси ҳавзасида барқарорлик бўйича инвестиция лойиҳасини тайёрлаш учун таклиф этилаётган техник ёрдам юзасидан таклифларини аниқлаш» бўйича миссияси вакиллари Сурхондарёга ташриф буюрди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати