Жорий йилнинг 1 апрелигача Сурхондарё вилоятидаги кластер ташкилотлари ҳамда фермер хўжаликлари томонидан ўз маблағлари ҳамда бошқа манбалар ҳисобидан 1100 километр узунликдаги ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш режалаштирилган.
«Сувхўжаликназорат» инспекцияси Сурхондарё вилояти бошқармаси мутахассисларининг ўрганишлари натижасига кўра, режа 26 февраль ҳолатида 83,7 фоизга бажарилган, яъни 920 километр узунликда ички суғориш тармоқлари бетонлаштирилган.
Сув сарфини иқтисод қилиш ва ички суғориш тармоқларида йўқотишларни камайтириш мақсадида бетонлаштириш юзасидан қатъий топшириқлар берилаётганига қарамай, Бандихон туманидаги «Чорвадор», «Янги Бандихон», «Бойсун тонги шамоли», Денов туманидаги «Асадбек агро Денов», «Навниҳол Сурхон агро», «Сардорбек-Бобурбек Сафаровлар», Музработ туманидаги «Кўк турк Амударё», «Ғунча Сибур», «Баркамол Фаррух», Олтинсой туманидаги «Кўклам Янги йўл», «Мўминқул истиқболи», «Мунгли майса», Сариосиё туманидаги «Ганж Парвин», «Абдураҳмон Абдулла нурли», «Сардор-Суннатилла Давр», Узун туманидаги «Баҳром М омад», «Оллоёрохун барака», «Қувончбек Мардонов», Шеробод туманидаги «Равнақ Шеробод», «Шеробод дон-2022», «Рухшона-Ширин», Шўрчи туманидаги «Галашерик», «Наргиза Шерова», «Буюк Шерхон даласи» фермер хўжаликлари аъзолари ўтган уч ой орасида далаларига сув оқадиган ички суғориш тармоқларининг лоақал бир метрини ҳам бетонлаштирмаган.
Бу жамоаларнинг раҳбару аъзолари топшириқ ижросини уддалашда ё масъулият ҳис этишмаяпти, ёки бутун мамлакат бўйлаб амалга оширилаётган муҳим ишга бепарво бўлишмоқда. Улар ариқлар бетонлаштирилганда сувнинг тезлиги ошиши ҳамда фильтрациянинг олди олиниши натижасида анча обиҳаёт иқтисод қилинишини англаб етишмаяпти.
Кластер ва фермер хўжаликлари раҳбарлари ҳамон боқимандалик кайфиятидан қутилмаган шекилли, «керак бўлса, давлат қилиб беради», деган тушунчада юришибди.
Ўрганишлар натижасида аниқланган камчиликлардан яна бири шуки, айрим фермер хўжаликлари аъзолари томонидан ички суғориш тармоқларини бетонлаштирилган қисмлари сифатсиз, талабга жавоб бермайди. Савол туғилади: сифатсиз бетонлаштирилган ариқлар кимга хизмат қилади?! Наҳотки, баъзи фермерлар бетонлаштирилган ариқ, шоҳариқ йиллар давомида ўз экинзорларини суғоришга хизмат қилишини чуқур ҳис этишмаяпти. «Бу ҳам навбатдаги бир кампания», деб ўйлашаяпти ёки «гап-сўздан қутилиш», «қилдингми, қилдик» қабилида ёндошишмоқда.
Мутахассисларнинг айтишича, масалан, бетонлаштирилаётган ички суғориш тармоқларининг камида ҳар 30 метрида шоф қўйиш зарурлигини ҳамда бетон қоплама иссиқда кенгайиши, совуқда торайишини ҳисобга олишмаяпти. Бетон қилинган ариқлар қирғоғига ётқизилган бетон қоришма рейка ёки уголник қуйилмагани натижасида нотекис, айрим жойлари кўчиб ётибди. Баъзи ички суғориш тармоқларининг фақат икки ёнбоши бетонлаштирилиб, туб қисми тупроқ ҳолида турибди. Улар сифатсиз бетон қилинган ариқлардан оқиб ўтувчи сувнинг ерга сингиб кетиши натижасида сарфи ҳам юқори бўлишига аҳамият беришмаяпти.
Хулоса шуки, ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш ҳаётий зарурат, бугунми-эртами, барибир қилиниши шарт. Эрта бир кун истеъмолчилар томонидан далаларига олинган сувнинг ҳисоб-китобини юритиш, истеъмол қилинган обиҳаёт учун солиққа тўланадиган маблағ, албатта, сув сарфига қараб белгиланади. Бас, шундай экан, бетонлаштиришни пайсалга солиб юрган фермер хўжаликлари ва кластер ташкилотлари раҳбарлари бу ҳақиқатни унутмай, бетонлаштиришга жиддий киришишлари лозим.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати