Давлатимиз раҳбари Хоразм вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари юзасидан ўтказган йиғилишда сув хўжалиги соҳасига доир топшириқлар ҳам берилди.
Жумладан, шоличиликда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш учун субсидия ажратиш йўлга қўйилади.
Хоразмда қўшимча 145 миллиард сўм маблағлар ҳисобига йирик каналларни сифатли бетонлаш, ички суғориш тармоқларини бетонлашни вегетация давригача якунлаш зарур.
“Тошсоқа каналини тиклаш” лойиҳасининг 2-босқичи доирасидаги ишлар жадаллаштирилади.
Тупроққалъа, Шовот ва Янгиариқда 1 минг гектар майдон ёпиқ суғориш тизимига ўтказилади.
11 минг гектарда сув тежовчи технология жорий қилиш, 42 минг гектарни лазерли текислаш чоралари кўрилади.
Вазирлик тизимидаги 50 та насос станцияси хусусий шерикликка берилади.
Президент топшириқлари ижросини ташкил этиш мақсадида Хива туманидаги "Раҳимберган ҳожи Анбар" фермер хўжалигида амалий семинар ўтказилди.
Унда вилоятдаги сув хўжалиги ташкилотлари раҳбарлари ва мутахассислари, кластер ташкилотлари вакиллари ва фермерлар иштирок этди. Семинарда Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев сўзга чиқди.
Ерларни шўр ювишга тайёрлаш, шўр ювишда сувни ортиқча исроф қилмаслик, каналлар ва ички суғориш тармоқларини бетонлаштириш, сув тежовчи суғориш технологияларни жорий этиш, рақамлаштириш, насос станцияларини хусусий шерикликка бериш масалалари бўйича тушунтиришлар берилди.
Шунингдек, Сув хўжалиги вазири Ш.Хамраев Хива туманида сайёр қабул ўтказди. Унда фермер хўжаликлари раҳбарлари, кластер ташкилоти вакиллари, томорқа ер эгалари ва маҳалла фаоллари иштирок этди.
Боғот туманидаги “Анвар Аҳмад” фермер хўжалиги раҳбари Шарифбой ражабов 2023 йилда жорий этилган томчилатиб суғориш технологияси учун субсидия олиш тартиби қандай бўлиши ҳақида мурожаат қилди. Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ бошлиғи О.Тоировга ҳолатни ўрганиш, тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш ва фермерга амалий ёрдам кўрсатиш ҳақида топшириқ берилди.
Сайёр қабулда барча мурожаатлар тингланиб, масъулларга масалаларни ижобий ҳал этиш вазифаси юклатилди.
Чапқирғоқ Амударё ИТҲБ матбуот хизмати