Рамазон ойи бошланиши олдидан ва байрам арафасида ишчи-ходимлар хонадонига қут-барака киритиш мақсадида Катта Наманган магистрал канали бошқармасининг барча ходимларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари тарқатилди.
Аслида бошқарма бошлиғи бунга мажбур эмас эди. Унга ҳеч ким ходимларингга март ойининг бошида маҳсулот тарқатишинг шарт, деган талаб қўймаган. Ўзларининг омборида маҳсулоти бор, ёрдамчи хўжалигидан даромад келиб турибди, ходимларини рағбатлантириш, мотивация бериш ва албатта улуғ кунлар арафасида савоб умидида шу ишни амалга оширишди.
Биз Наманган магистрал канали бошқармасининг Уйчи туманида жойлашган 1-бўлим участкасига келганимизда бу ерда ишловчи 13 нафар ходимга тарқатиш учун 1 килодан гўшт, 2 килодан картошка, 2 килодан пиёз, 2 килодан сабзи, 3 килодан гуруч, 5 килодан ёғ ва 25 килодан ун тайёрлаб қўйишган экан. Гўшт, картошка-пиёз ўзлари етиштирган маҳсулотдан.
Наманган магистрал канали бошқармаси бошлиғи Исмоил Ҳошимовнинг айтишича, бошқарма ихтиёридаги 7 та бўлимнинг ҳаммасида шу миқдорда маҳсулот тарқатилмоқда. Барча бўлимларда тушликка иссиқ овқат ташкил этилган. Ёрдамчи хўжаликларида деҳқончиликдан ташқари, чорва, парранда, қуён боқилади.
1-бўлимнинг ёрдамчи хўжалигини кўздан кечирдик. 23 та товуқ, 5 та қўй бор. Биз эшитганимизни эмас, ўз кўзимиз билан кўрганимизни қоғозга туширамиз. Қуёнлар ҳуркиб, инига кириб кетгани учун саноғини билолмадик. Қорамоллар сони 8 тага етибди, 6 та сигир, 1 та буқача ва 1 та бузоқча. Ёзгача етадиган ем-хашак жамғариб қўйилган.
Иссиқхонадаги 32 туп лимон гулга кирган. Асалари қутиларини санаб чиқдик, роппа-роса 72 та.
Мевали дарахт кўчатларини етиштириш йўлга қўйилган, 65 сотих ерга пиёз экилган. Ҳар бир ходимга 20-25 сотихдан ер бўлиб берилган.
Шунингдек, 72 қути асалари бўлим жамоасининг мулки экан. Бундан ташқари, ходимлар ўзларининг шахсий асалариларини ҳам участкага келтириб қўйишган. Улар алоҳида жойда, 24 қути. Мавсумда ким кўп асал олиш бўйича ўзаро мусобақа қилишар экан.
Бу ердаги ишлар билан танишар эканмиз, жонкуяр ҳамкасбларимиздан бири ижтимоий тармоқларда сув хўжалигида ёрдамчи хўжалик мажбурий меҳнат сифатида талқин қилинган материал эълон қилинганлигини айтиб қолди. Ўқиб чиқдик, ҳаммани кредит олишга мажбур қилишаяпти деган мазмунда эътирозли фикрлар айтилган.
Аслида, ҳақиқат шуки, вазирлик томонидан ишчи, ходим, мутахассисларга кредит олиш мажбурияти қўйилмаган. Фақат ташкилот раҳбарларидан ёрдамчи хўжалик ташкил этиш, ходимларга қўшимча даромад манбаи яратиш талаб қилинаяпти. Имконияти борлар, битта-иккита қўй, мол олиб, бир уя жўжа, бир жуфт қуён харид қилиб, кўпайтирсин, такрорий экинга ер олиб, мош, жўхори экиб, фойдасидан чорва, паррандачиликни йўлга қўйсин. Эплолмаганлар кредит олиб бўлса ҳам ишни бошласа, озгина жон куйдирса, олти ой, бир йилда харажатини қоплаб, даромадга киради.
Исмоил Ҳошимовга ўхшаган, ишнинг кўзини биладиган тажрибали раҳбарларнинг эришган натижалари бунга ёрқин мисолдир. Шундай ёрдамчи хўжаликлар ҳамма вилоятда бор, ибратли ишлар семинарларда, оммавий ахборот воситаларида тарғиб қилинаяпти.
1-бўлим ишчиларидан бири бизга мурожаат қилди: “Тошкентга борсангиз селекционер олимларимиздан илтимос қилинг, бизга 45 кунда етиладиган маккажўхори навини яратиб беришсин ёки хориждан келтиришсин”. Ушбу илтимоснинг сабабини ҳавза бошқармаси матбуот котиби Илҳомжон Қосимов тушунтириб берди. Ишчилар ўтган йилнинг 16 сентябрь куни 20 сотих майдонга исмалоқ экишган экан. Март ойи бошида бозорчилар келиб, улгуржисига 5,5 млн. сўмга олиб кетишибди. Бир ҳафтани ичида ерни шудгор қилиб, плёнка остига ширин жўхори экиб бўлишибди. Улар қидириб топган жўхори 60 кунда етиладиган нав экан. Сентябргача шу ернинг ўзига икки марта ширин жўхори етиштирса бўлади. Шунда ердан бир йилда 3 марта ҳосил олинган бўлади. Агар жўхорининг 45 кунда етиладиган нави бўлганида эди, бу одамлар ердан 4 марта ҳосил олишга улгурар эди.
Ижтимоий тармоқда ёрдамчи хўжаликни мажбурий меҳнат деб талқин қилаётганлар Уйчи туманидаги 1-бўлим ишчилари билан келиб бир суҳбатлашса, яхши бўларди. Чунки, бу инсонларни ҳеч ким меҳнатга мажбур қилаётгани йўқ, ўзлари кўпроқ ишлаб, кўпроқ даромад олишга интилишмоқда.
Мен Исмоил Ҳошимовга сизларнинг ерларингиз бўлгани учун ёрдамчи хўжаликка ҳам, деҳқончиликка ҳам шароит бор. Бошқаларда бундай имконият йўқ, деган гапни айтдим.
– Ундай эмас. Астойдил киришса, интилса, ҳаракат қилса, ҳар бир сув хўжалиги ташкилоти раҳбари шундай натижаларга эришса бўлади. Улар фақат ўзини ўйламай, ходимлар ҳақида ҳам қайғурса, қўл-остидагиларнинг боши бир жойга бирикади, – деди И.Ҳошимов.
Гарчи ҳамма ходимига шу бугун 1 килодан гўшт берилган бўлса ҳам, 1-бўлим бошлиғи Икромжон Акбаров қўй-мол ўзимизники, жамоа шу ерда, шошмай турсаларингиз битта қўйни сўйиб, меҳмон қиламиз, деб туриб олди. Бу танти, ўзига тўқ сувчиларга минг бор узримизни айтиб, хайрлашдик. Йўлда машҳур қўшиқнинг ушбу сатрлари хаёлимиздан кетмади:
Неъматларнинг энг яхшиси ҳаловатдур,
Гар нолисак, бу худога маломатдур.
Шуҳрат Суюнов,
Ахборот хизмати бошлиғи
P.S. Вақт топиб шу қўшиқни диққат билан тинглашни тавсия қилган бўлардик. Янги маънолар, янги хулосалар топишингизга асло шубҳа йўқ. Энг муҳими, сарфлаган 5 дақиқа вақтингизга ҳам, мегабайтингизга ҳам ачинмайсиз.