Катта Наманган магистрал канали.
Унинг Уйчи туманидаги 700 метр қисми бетонлаштирилганига бир ҳафта бўлди.
Каналнинг икки томонига 3 қатордан терак экилаяпти. Тўртинчи қаторга бодом кўчатлари ўтқазилади.
Кўприкдан ҳисоблаганда иккала қирғоқ бўйлаб 700 метрга кўчат экилади. Шунда 5000 туп терак, 500 туп бодом кўчати жойлаштирилади. Сув насос билан чиқарилади.
Катта Наманган магистрал канали бошқармаси бошлиғи Исмоил Ҳошимовнинг айтишича, каналнинг 27 км қисми реконструкцияга тушган. Шундан 10 км қисми 2024 йилда бетонлаштирилади. Ҳозирча 4,5 км канал бетон бўлди. Тўртта участкада иш кетаяпти. 25 мартгача режадаги 10 км қисмида бетон ишлари якунланади.
Бетон бўлган жойларнинг ҳаммасида канал бўйига терак экилади.
Уйчи туманидаги 1-бўлимга 20 минг туп терак кўчати экиш режаси белгиланган. 6 минг тупи экиб бўлинди. - Кўчатларни ўзимиз қаламчадан етиштирамиз. Режадаги кўчатлар тайёр, Наврўзгача экиб бўламиз, дейди 1-бўлим бошлиғи Икромжон Акбаров.
Канал бўйидаги кўчатзорни ораладик. Бу ерда 11 минг туп “Калифорния” навли терак кўчати бор экан. Бошқа участкада 3 минг туп “Ўзбекистон” навли кўчат етиштирилаяпти.
Эътиборимизни тортгани шу участкада ўтган йили экилган теракларнинг бўйи 4 метрдан ошибди. Танаси кетмон дастасидан қалин.
Теракларга ҳар икки йилда бир марта 250 граммдан аммафос ўғити берилади. Шунингдек, маҳаллий ўғит ҳам теракка фойдали.
И.Акбаровнинг айтишича, яхши қаралса, бу тераклар экилганидан олти йил ўтиб, кесишга тайёр бўлади. Ҳозирги шароитда биттасини 60-70 минг сўмдан сотса бўлади.
Биз каналнинг 3-бўлимига қарашли участкада ҳам бўлдик. Бу ерда каналнинг 2-босқич ПК-93 пикетидан бошлаб 2,5 км қисми тозаланибди. Кўприкнинг бир тарафига 4 қатордан терак экилаяпти. Нариги тарафига эса мевали дарахт кўчатлари ўтқазилмоқда.
Ҳозирча теракдан 2,2 минг тупи экиб бўлинибди. Яна 800 туп кўчатга жой бор. Бундан ташқари 70 туп манзарали дарахт кўчатлари ҳам экилган.
Теракдан даромад яхши бўлгани учун Катта Наманган магистрал канали бошқармаси бу йил 120 минг туп кўчат экишни ўзига режа сифатида белгилаб олган. Ҳамма участкаларни қўшиб ҳисоблаганда ҳозирча 40 минг тупи экиб бўлинибди. Наврўзгача кўчат экиш ишлари тўлиқ якунланади. Тераклар парваришлаш ва даромад қилиш учун ташкилот ишчиларига бўлиб берилади.
Ахборот хизмати