Қизириқ тумани «Cув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси ирригаторлари тумандаги фермер хўжаликлари ҳамда «Surxon Kotton Cluster» пахта-тўқимачилик кластерининг ғалла ва пахта етиштириладиган далаларига етказиб берилаётган сувдан унумли фойдаланиш ҳамда сув истеъмоли ҳисобини аниқ юритишда «Ақлли cув» қурилмалари ҳар жиҳатдан қулайлигини амалда кўришмоқда. Чунки ўтган икки йил орасида ирригаторлар туман «Сув етказиб бериш хизмати» давлат муассасаси балансидаги суғориш тармоқларининг 24 тасига «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатишган ва барчаси сув хўжалиги вазирлиги серверига интеграция қилинган.
Қизириқ тумани давлат муассасаси идорасида Аму-Сурхон ИТҲБ ахборот технологиялари ва рақамли технологияларни ривожлантириш бўйича бош мутахассислари ташаббуси билан ўтказилган семинарда президентимизнинг 2020 йил 10 июндаги ПФ-6024-сонли фармони ҳамда 2023 йил 1 апрелдаги ПҚ-101-сонли ва жорий йил 5 январдаги ПҚ-5-сонли қарорларида белгиланган вазифалар ҳақида қатнашчиларга батафсил тушунча берилди. Семинар иштирокчиларига «Қуйи бўғинда сув ресурсларини бошқариш тизимини такомиллаштириш ҳамда сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида белгиланган лимитлар асосида истеъмолчиларга етказиб берилаётган сувнинг ҳисобини аниқ юритишда «Ақлли сув» қурилмалари муҳим аҳамият касб этиши, суғориш тармоқларига бу хил қурилмаларни ўрнатмаган сув етказиб берувчиларга истеъмолчилар экин майдонларига етказиб бериладиган обиҳаёт ҳисобини юритиш, яъни фермер ёки кластер ташкилотларидан сув ҳақини ундириш осон бўлмаслиги тушунтирилиб, суғориш тармоқларида рақамли технологияларни ўрнатишни жадаллаштириш топшириғи берилди.
Семинар иштирокчилари билан суғориш тармоқларида ўрнатилган қурилмалар ишчи ҳолати ўрганилганда «Ақлли сув» қурилмаларининг 22 тасидан аниқ маълумотлар узатилаётгани ойдинлашди. Қурилмаларнинг 2 тасидан маълумотлар узатилишида узилишлар бўлиб тургани учун таъмирлаш ва сим карта тўловларини амалга ошириб, ишчи ҳолатига келтириш тавсия қилинди. Туман ирригаторларининг раҳбари Музаффар Неъматов семинарда жорий йилда яна олтита суғориш тармоқларига «Ақлли сув» қурилмаларини ўрнатиш режалаштирилганини таъкидлаб, талаб этиладиган маблағни топиш чоралари изланаётгани хусусида семинар иштирокчиларини хабардор қилди.
Аму-Сурхон ИТҲБ матбуот хизмати