Бу канал ўз номи билан ҳақиқатда “Дўстлик” канали.
Узунлиги 117 км. Ўзбекистоннинг Тошкент ва Сирдарё вилоятларидаги 100 минг гектар, Қозоғистоннинг Махтаарал ва Жетисой туманларидаги 136 минг гектар экин майдонларини суғоришга хизмат қилади.
Давлатлараро “Дўстлик” каналининг бош иншооти 1948 йилда қурилган. Иншоот каналга ва ташламага сувни очиб-ёпиш вазифасини ўтайди.
Каналнинг сув ўтказиш қобилияти секундига 230 куб метр, ташлама эса секундига 510 кубметргача сувни ўтказишга қодир.
“Дўстлик” каналининг бош иншооти қурилганидан бери ўтган 75 йил ичида бирор марта ҳам реконструкция қилинмаган эди.
Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 27 ноябрда қабул қилинган “2018-2019 йилларда ирригацияни ривожлантириш ва суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш давлат дастури тўғрисида”ги қарори билан Тошкент вилояти Бекобод туманидаги “Дўстлик” канали бош иншоотини реконструкция ва модернизация қилиш режага киритилди.
Гулистон сув иншоотлари ва “Дўстлик” канали бошқармаси бош муҳандиси Тоҳир Мўминовнинг айтишича, реконструкция ва модернизация жараёнлари босқичма-босқич, қўшни давлат сувчилари билан келишилган ҳолда ва қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришга халал бермаган тарзда олиб борилмоқда.
2021-2022 йилларда биринчи босқичда бош иншоотнинг каналга сув ўтказувчи 5 та дарвозаси, уларнинг механизмлари тўлиқ янгиланди.
2022-2023 йилларда иккинчи босқичда ташламага сув ўтказувчи 5 та дарвоза ва унинг механизмлари янгиланди, 60 метр узунликда акведук, сув ўлчаш кўприги қурилди.
3 босқич доирасида 2023 йилнинг охирида ташламанинг иккала қирғоғи кўприкдан ҳисоблаганда 50 метрдан бетонлаштирилди. Яна 50 метрга сувнинг тезлигини сокинлаштириш учун харсангтошлар ётқизилди. Сув сарфини аниқ ўлчаш ишларини олиб бориш учун иккала қирғоқ ва ўзаннинг туби 125 метр масофада бетонлаштирилди. Худди шундай ишлар 2024 йилда канал ўзанида ҳам амалга оширилмоқда.
12 март куни соат 12:00 ларда Тошкентдан Бекободга қараб йўлга чиққанимизда ёмғир бошлаган эди. Манзилга етганимизда ёғингарчилик бироз кучайди. Шунга қарамай, бош пудратчи “Барака файз” МЧЖ ишчилари бетон олишни якунига етказиб қўйиш учун шошилаётган эди. “Сирдарё” ҳавзаси сув хўжалиги бирлашмасининг мутахассислари барча ишларга “бош-қош”.
50 дан зиёд қурувчи, 20 га яқин махсус техника ишлаяпти. Шу ерда соатига 50 кубметр маҳсулот тайёрлаш қувватига эга бетон заводи ташкил этилган.
Тоҳир Мўминовнинг айтишича, икки соатлик бетон иши қолган. Яна 72 соатдан кейин бетон қотиб, каналга сув очиш имкони бўлади. Қолган ишлар кейинги босқичда, мавриди билан давом эттирилади.
Хусусан, йил охиригача бош иншоот бошқарувини автоматлаштириш кўзда тутилган.
Буларнинг барчаси давлатлараро “Дўстлик” каналида сув ресурсларини хавфсиз ва самарали бошқариш, аниқ ҳисобини юритишга хизмат қилади.
Ахборот хизмати