Бугун Сув хўжалиги вазирлигида Австрия Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор элчиси Маттиас Радостич билан учрашув бўлиб ўтди.
Элчи жаноблари нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда сув долзарб масалага айланиб бораётганини эътироф этди. Унинг мамлакати Ўзбекистон билан иқтисодий алоқаларни, жумладан, ирригация соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлашдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
“CISEG” компанияси мамлакатимизда иш олиб бораётганига етти йилдан ошди. Бу компания “John Deere”нинг дистрибьютори ҳисобланади.
Компания вакили Клаус Кутелас каналларни бетонлаш бўйича қўшни республикаларда амалга оширган ишлари, ўзи бетон ётқизадиган махсус техникалари ҳақида маълумот берди. Бу ҳақда мутахассислар иштирокида семинар ўтказиш таклифини билдирди.
Учрашувда Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари Тимур Бутунбаев сув йўқотилишининг олдини олиш учун ўтган йили Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан республикамизда каналларни бетонлаш бўйича кенг кўламли ишлар бошланганлигини таъкидлади. Катта ҳажмли каналлар бетонлаштирилаётгани, эндиликда кичик ҳажмли каналларни бетонлашга эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлишини айтиб ўтди.
“CISEG” компанияси билан семинар ўтказиш таклифини қўллаб-қувватлади.
Учрашув якунида ҳар икки томон ҳамкорликдан манфаатдорлигини, келгусида мулоқотларни давом эттиришга тайёрлигини билдирди.
Учрашув самимий ва дўстона руҳда ўтди.
Ахборот хизмати